«Бу – бутун футбол олами учун шармандалик». Роналду ноҳақ четлатилдими?
«Ювентус» либосида илк марта Чемпионлар лигаси ўйинида майдонга тушган Криштиану Роналду майдонни кўзида ёш билан тарк этди. «Месталья» стадионида «Валенсия» меҳмони бўлган «Юве» португалиялик юлдузнинг четлатилиши ва Сами Хедиранинг жароҳат олиб майдонни тарк этишига қарамай, пенальтидан киритилган 2 та гол эвазига ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Аммо шуниси аниқки, ўйиндаги натижадан ҳам кўра, Роналдунинг қизил карточка олиши мухлислар ёдида узоқ вақт сақланиб қолади.
А Сериянинг ўтган турида дубль қайд этиб, ўзига ишончи ошган Криштиану ЕЧЛда ҳам жамоасига ғалаба келтириш учун чуқур ички хоҳиш билан майдонга тушгани кўриниб турган эди. Ўйин статистикасига кўра, ўша 30-дақиқага қадар у тўп билан 17 марта муомалада бўлиб, дарвоза томон 2 та зарба йўллашга ва 1 та хавфли узатмани амалга оширишга улгурган эди. У 4-5 та хавфли вазиятларда бевосита ижрочи бўлиб, «Валенсия» ҳимояси учун жиддий хавф бўлиб турганди.
30-дақиқада «Ювентус» чап қанотдан навбатдаги ҳужумни амалга оширди. Бу вақтда майдон марказидан жарима майдончасига кириб келаётган Роналду ва уни ёпишга уринган «Валенсия» марказий ҳимоячиси Жейсон Мурильо ўртасида кичик тўқнашув бўлиб ўтди. Афтидан, колумбиялик ҳимоячи позиция учун курашдаги кичик тўқнашувдан фойдаланиб, симуляция ишлатишни истади ва майдонга йиқилди. Криштианунинг назарида рақибининг бу «ёлғон» ҳаракати спортчига ярашмайдигандек туюлди шекилли, тўп узатилмаслиги, яъни вазият барбод бўлгани маълум бўлгач, «Э, сени қара» дегандек унинг бошидан бироз туртиб қўйди. Ҳа, зарба берди ёки урди эмас, айнан туртиб қўйди. Ўрнидан тураётиб Криштиануга яна туртилиб кетган Мурильо, айнан шуни кутиб тургандек, жиддийлаша бошлади.
Германиялик ҳакам Феликс Брих ушбу вазиятни кўргани йўқ. У анча вақт ён ҳакам билан маслаҳатлашиб тургач, ўта баҳсли қарор қабул қилди –ҳужумчига қизил карточка кўрсатди.
No words. pic.twitter.com/cvG3XvVPTZ
— Serie A Videos (@SerieAVideos) September 19, 2018
Шу тариқа, Криштиану Роналду Чемпионлар лигасидаги 154-ўйинида биринчи марта майдондан четлатилди ва майдонни кўз ёши билан базўр тарк этди.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «кекса синьора» бош мураббийи Массимилиано Аллегри VAR тизимини ёдга олди.
«Фақат шуни айтишим мумкинки, VAR ҳакамга ушбу эпизодда тўғри қарор чиқаришга ёрдам берган бўларди.
Жамоани Чемпионлар лигасининг илк турида камчилик бўлиб қолдириш – бундай қарор ҳафсаламни пир қиляпти. Бугун шу туфайли биз мағлубиятга учрашимиз ҳам мумкин эди», - дея таъкидлади Аллегри.
Таъкидлаш ўринлики, бундан роппа-роса бир ҳафта муқаддам «Ювентус» президенти Андреа Аньелли Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ўйинларига VAR технологиясини татбиқ этиш кераклигини айтиб чиққан эди. Август ойи охирида эса УЕФА президенти Александер Чеферин 2019/2020 йиллар мавсумидан бошлаб еврокубокларда ушбу тизимдан фойдаланиш йўлга қўйилишини маълум қилганди.
«Режамиз – келаси мавсумдан бошлаб ушбу тизимдан фойдаланиш. Биринчи ўйин – 2019/20 йиллар мавсуми учун Европа Суперкубоги ўйини бўлади», - деб айтган эди УЕФА раҳбари.
Кечаги вазиятга қайтсак, энди 33 ёшли ҳужумчи 2-турда «Янг Бойз»га қарши Туриндаги ўйинда жамоасига ёрдам бера олмайди. УЕФА уни дисквалификация қилган тақдирда, «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед»га қарши кечадиган 3-тур ўйинини ҳам ўтказиб юбориши мумкин.
Дарвоқе, Криштианунинг опаси Катя Авейру ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдириб, укасининг бундай вазият учун қизил карточка билан жазоланишини «бутун футбол учун шармандагарчилик» деб атади.
«Бу – бутун футбол олами учун шармандалик. Ҳали адолат ўз сўзини айтади. Улар укамдан қутулишни исташган эди, бироқ Худо ҳамиша уйғоқ», - деб ёзди Авейру Инстаграмдаги саҳифасида.
Мавзуга оид
14:28 / 28.10.2024
«Арсенал» жароҳатлар гирдобида, Италия дербисида янги юлдуз порлади. Кун ўйинлари
17:00 / 19.10.2024
«Ливерпул», «Барса» ва «Юве» учун жиддий синов. Дам олиш кунларида тавсия этиладиган 4 учрашув
13:29 / 17.09.2024
Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида
10:49 / 13.09.2024