Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Деновда тадбиркорнинг ерга бўлган ҳуқуқи ҳимояланмаяпти. У 10 баробар миқдорда солиқ тўлашга мажбур бўлиши мумкин
Таҳририятга Сурхондарё вилояти Денов туманининг «Сина» МФЙ ва «Ризқ-насиба» маҳалласида яшовчи Имомали Алиев номидан отаси ва ишончли вакили Азизмурод ўзларини қатор йиллардан бери қийнаб, ечимини топмай келаётган муаммо юзасидан мурожаат қилди.
Хўш, муаммо нимадан иборат?
Имомали Алиев 2011 йилнинг 11 октябрь куни Денов туман «Сина» ҚФЙ «Файзобод» маҳалласида жойлашган ва фуқаро Соат Азимовга тегишли бўлган автомобилларни вақтинча сақлаш гаражи ҳамда маъмурий биноси жойлашган ҳудудни аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа тадбиркорлик фаолияти юритиш мақсадида сотиб олиб, нотариал тарзда расмийлаштиради.

Алиев шу кунгача мазкур ҳудуд учун ер солиқларини — жумладан, 2018 йил учун қарийб 1 млн 400 минг сўм миқдорда — мунтазам тўлаб келмоқда.
Аммо у ўзи сотиб олган ҳудуддан заррача ҳам фойда ололмаяпти.
Бунга сабаб — уйи мазкур ҳудудга чегарадош бўлган Облоқул Эшниёзов ўз оила аъзолари билан биргаликда гараж ҳудудида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб боришга тўсқинлик қилиб келмоқда. Унинг даъвосига кўра, мазкур гараж ер майдони унга тегишли бўлиши керак. Лекин унинг бирор-бир ҳужжати йўқ.

Имомали Алиев Облоқул Эшниёзов устидан Денов туман ИИБга бир неча бор мурожаат қилган. Шу кунгача Эшниёзовга нисбатан икки бор жаримага тортиш жазоси, бир бор 10 кунлик қамоқ жазоси белгиланган.
Хуллас, ишончли вакил Азизмурод Алиевнинг бизга ҳикоя қилиб беришича, Деновдаги мутасадди органлар унинг муаммосини ҳал қилиб бера олмаяпти. Зўравон оила дастидан 7 йилдан буён сарсон-саргардон.
Энг даҳшатлиси — у харид қилган майдон нотурар жой бўлиб, Денов туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари томонидан президент қарорларини ижро этиш юзасидан огоҳлантириш хати берилган.

Огоҳлантириш хатига кўра, ўрнатилган тартибда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари учун мулк ва ер солиқлари икки баробар, 6 ой ўтгач ҳам вазият ўзгармаса — 5 баробар, 12 ойдан сўнг эса — 10 баробар миқдорда тўлаш кўрсатиб ўтилган.
Энди ўзингиз ўйланг, Облоқул Эшниёзов қўлида ерга эгалик қилиш учун бирорта ҳужжат бўлмасдан Имомали Алиевга мазкур майдонни ўзлаштиришда тўсқинлик қилаверса, айни пайтда 1,4 миллион сўм солиқ тўлаётган тадбиркор йилига 14 миллион сўм солиқ тўлайдими? Яна, бу ҳудуддан заррача фойда олмасдан, қўшнисининг ноқонуний талаблари-ю хархашасини эшитиб.
Биз билан суҳбатда А.Алиев ҳудудда ишлаб чиқариш, маиший хизмат ва савдо шохобчаларини очиш, ўз оиласи ва маҳалла аҳолисини иш билан таъминлашни мақсад қилгани ва шу мақсадда ушбу ер майдонини харид қилганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексига 2291-модда киритилган.
Унга кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Айни пайтда О.Эшниёзовга нисбатан бир неча бор маъмурий жарима қўлланилган. Навбатдагиси жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. А.Алиевнинг айтишича, энди можарога О.Эшниёзовнинг рафиқаси ва фарзандлари аралашмоқда.

Денов туман ҳокимлиги, туман ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур масалага жиддий эътибор қаратиб, мулк эгаси бўлган инсоннинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш, ҳуқуқбузарларга эса қонунчиликда белгилаб қўйилган жазоларни эслатиб, огоҳлантириш, мавриди келса, қонунчиликда белгиланган жазоларга тортиш кераклигини эслатиб қўймоқчимиз.
Зеро, ишлайман деган, ҳуқуқлари поймол этилаётган ишбилармонга туман ҳокимлиги, туман идоралари кўмак кўрсатиб, барча шароитларни яратиб бериши керак.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
13:33 / 08.06.2026
Сурхондарёда ҳам ИИБ ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумонланмоқда
11:04 / 30.04.2026
Деновда ўлим билан тугаган зўравонлик юзасидан 4 киши қўлга олинди
16:20 / 29.04.2026
Деновда «Шакки» лақабли зўравон бир йигитни уриб ўлдиргани айтилмоқда
09:27 / 07.04.2026