2019 йил январдан бошлаб кўпчилик корхоналар ҚҚС тўлашга ўтади. Давлат фаолиятнинг айрим турлари учун имтиёзларни сақлаб қолади. Бироқ бу имтиёзлар ҳозиргидек ишлайдиган бўлса, бу товарлар ва хизматлар нархи анча ошишига олиб келиши мумкин, дея ҳисоблайди Norma эксперти Игорь Аипкин.
Имтиёзлар солиқ тизимининг энг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Улар муайян тоифадаги солиқ тўловчиларга айрим солиқларни тўламаслик ёки камроқ миқдорда тўлаш имконини бериб, бошқаларга кўра кўпроқ афзаллик беради. Охир оқибатда бу солиқ тўловчига ҳам, давлатга ҳам фойда келтиради, давлат шу йўл билан иқтисодиётнинг аниқ соҳаларини рағбатлантиради.
Бевосита солиқлар (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ЯСТ) бўйича бериладиган имтиёзлар улардан фойдаланадиган солиқ тўловчиларга наф келтириши аён. Солиқ тўламаймизми – яхши. Солиқ солинадиган базанинг бутун суммасидан тўламаймизми – бу ҳам яхши. Ставкани пасайтирдиларми – жуда зўр. Бир сўз билан айтганда, ҳамма мамнун.
Бироқ билвосита солиқлар (ҳа-ҳа, айни ўша ҚҚС) бўйича имтиёзлар қандай ишлаётганига диққат билан разм солсак, жуда ғаройиб ҳолатнинг гувоҳи бўламиз.
Айтайлик, туроператор ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайди, ўз хизматларини кўрсатиш учун ҚҚС тўламайдиган етказиб берувчилар билан ишлайди. Корхона даромади – 100, харажати – 80 бўлсин (содда қилиб баён этиш учун ўлчов бирликларида кўрсатмаймиз). Фойда, тегишинча, 20 бўлади.
2019 йил яқинлашмоқда. Бутун мамлакат аксарият юридик шахсларнинг ҚҚС тўлашга ўтишини интиқлик билан кутмоқда. Бизнинг туроператор ҳам истисно эмас. Янги йилда унга 120 тўласалар ҳам (100 – даромаднинг ўзи, 20 – ҚҚС), даромади аввалгидек 100 ни ташкил этади. Харажат – 80 лигича қолади, бироқ энди корхона етказиб берувчиларга 96 тўлайди (80 – харажат, 16 – ҚҚС). Жами, фойда яна 20 бўлади. Табиийки, биз соддалаштирилган моделни кўриб чиқяпмиз, амалиётда нархларга таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳам бўлиши мумкин. Бироқ оддий мисолда ҚҚС бўйича имтиёз қанчалик ғалати ишлашини кўриш осон.
У қуйидагича ишлайди – имтиёз олган туроператор энди ўз мижозларига ҚҚСни ўз ичига оладиган 120 миқдоридаги эмас, фақат 100 миқдоридаги счётларни тақдим эта олади, ушбу сумманинг ҳаммаси унинг даромади ҳисобланади. Зўрми? Қувонишга шошилманг. ЎзР Солиқ кодексининг 221-моддаси кайфиятингизни тушириши аниқ: «Солиқ солинмайдиган оборот учун фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича маҳсулот етказиб берувчиларга ва импорт бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи ҳисобга олинмайди, балки ушбу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қийматида ҳисобга олинади».















