Жамият | 16:30 / 26.09.2018
2789
7 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи энг кучли ёш ижодкорларни тақдирлади

25 сентябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши «Ёшлар пресс-клуби»да «Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видеороликлар», «Изҳор» миллий руҳдаги шеър ва ҳикоялар, «Ёш қўшиқ ижрочилари» Республика танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш ҳамда «Ёшлар кутубхонаси» лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

«Изҳор» танловида 10 нафар ғолиб!

«Изҳор» милий руҳдаги шеърлар ва ҳикоялар танловига 35 ёшгача бўлган ижодкорларнинг 400га яқин шеър ва ҳикоялари тақдим этилди. Экспертлар хулосасига кўра, 10 нафар иштирокчи ғолиб деб топилди ва улар муносиб тақдирланишди.

Назм йўналишида 1-ўринга Термиз Давлат университети талабаси Наргиза Одинаева, 2-ўринга Наманган вилояти Тўрақўрғон Саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи талабаси Гулшода Ҳусниддинова ва «Халқ иродаси» газетаси мухбири Моҳира Ҳабибуллаева, 3-ўринга эркин ижодкор Равшан Ҳусан ҳамда Нукус шаҳри 20-сонли умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Улбўсин Абдугалиева муносиб деб топилди.

Наср йўналишида 1-ўрин Алишер Навоий Номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходими Жавлон Жовлиевга, 2-ўрин Байрам Али Қўлдошевга, 3-ўрин Сирдарё вилояти Боёвут тумани 9-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулноза Мамарасулова, Фарғона политехника институти талабаси Аслиддин Тўланов ва Навоий Давлат Педагогика институти талабаси Нилуфар Обидовага насиб этди.

«Чой» фильми эътирофга лойиқ!

«Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видеороликлар» танловида эса 30 ёшгача бўлган 130 нафардан ортиқ профессионал ва ҳаваскор ёшлар тақдим этган ижтимоий ролик, қисқа метражли фильм ва адабий-бадиий сценарийлар кўриб чиқилди.

Танлов якунига кўра, 8 нафар профессионал ва ҳаваскор ижодкорлар ғолиб деб топилди. Қисқа метражли фильмлар йўналиши бўйича:

1-ўринни Шокир Холиқовнинг «Чой» фильми;

2-ўринни Марс Ўринбосаровнинг «Сабоқ» фильми;

3-ўринни Равшан Нурмуҳаммедовнинг «Устоз» фильми қўлга киритди.

«Чой» номли қисқа метражли фильмда ўзбек халқининг миллий қадриятлари акс эттирилган бўлиб, аравачадаги бобонинг чанқоғини қондириш учун узоқда турган чойга интилиши ва энди унга етдим деганда сув излаётган болакайга ўз чойини илиниб, унинг чанқоғини қондирганидан мамнунияти моҳирона тасвирланган.

Ижтимоий роликлар (профессионал) бўйича Равшан Нурмуҳаммедовнинг «Ёш тадбиркор» ролиги, Ижтимоий роликлар (ҳаваскор) бўйича Нурмуҳаммед Жумағуловнинг «Келажак эгасининг илтимоси» ролиги ғолиб бўлди.

Сценарийлар (профессионал) йўналишида эса Муҳаммадхон Юсуповнинг «Ўзбекой» номли сценарийси 1-ўринга, Отабек Йўлдошевнинг «Кичкина» номли сценарийси 2-ўринга, Азизбек Қурбоновнинг «Муаллим» номли сценарийси 3-ўринга муносиб кўрилди.

Мазкур танлов энди ҳар йили ўтказилиб, ёш истеъдод соҳиблари ижодини қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг лойиҳалари асосида яратилган фильмлар маҳаллий ва нуфузли халқаро кинофестивалларга тавсия қилиб борилади.

Танлаб олинган энг яхши сценарийлар асосида қисқа метражли фильм ва ижтимоий аҳамиятга эга роликларни тасвирга олиш харажатлари «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан молиялаштирилиши белгиланди.

– Танлов ёшлар маънавий тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва ижтимоий аҳамиятга эга роликлар ишлаб чиқариш, миллий кинематографияни жамиятнинг ижтимоий-маданий ҳаётидаги ролини ошириш, миллий кино санъати қадриятларини асраш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттаханова.

«Ёшлар кутубхонаси» учун 10 миллиард сўм ажратилган

Бундан ташқари, тадбир доирасида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, таълим муассасаларининг бадиий китобларга бўлган эҳтиёжини қондиришга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ёшлар кутубхонаси» лойиҳаси тақдимоти намойиш этилди.

Лойиҳа доирасида 2018-2019 йилларда чоп этиладиган 200 номдаги китоблар рўйхати Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тавсияси асосида шакллантирилди.

Айни дамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 37 номдаги жаҳон ва ўзбек адабиётидаги нодир асарларни нашр эттирди. 2018 йил охирига қадар ҳар бир таълим муассаса кутубхонасига 100 номдаги бадиий китоблар етказиб берилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида 200 номдаги китоблар камида 10 минг нусхадан чоп этилиб, республикадаги барча мактаб, коллеж, академик лицей ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига бепул тарқатилиши белгиланган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан мазкур лойиҳа учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилган.

«Ёш қўшиқ ижрочилари» ғолибларига пул мукофоти топширилди

Тадбир давомида «Ёш қўшиқ ижрочилари» фестивали ғолиблари ҳам тақдирландилар. Мазкур фестиваль 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мумтоз, эстрада, академик (опера), бахшичилик йўналишларида ўтказилди.

Танловнинг маҳаллий саралаш босқичларига 250 минг нафар ёш қамраб олинди. «Ёш қўшиқ ижрочилари» фестивалининг Гран-При соҳиби Камила Амировага Президент соврини яъни 5 млн сўм миқдордаги пул мукофоти топширилди.

— Бундан олдин ҳам «Юлдузча», «Камалак юлдузлари» каби бир қатор танловларда қатнашиб ғолиб бўлганман. Аммо бу галги ютуқ – Президент соврини кутилмаган ва ҳеч қачон унутилмас совға бўлди. Мен бу рағбатга муносиб бўлиш учун янада ижодий парвозга шайланаман. Халқаро танловларда ҳам олий ўринларни қўлга киритиб, юртимиз шаънини ҳимоя қиламан, – дейди Камила Амирова.

Шунингдек, тадбир доирасида «Ёш китобхон» танловининг экспертлар гуруҳи аъзолари ҳам рағбатлантирилди. Қисқа метражли фильм ва роликлар намойиши, «Ёш қўшиқ ижрочилари» танлови ғолибларининг чиқишлари иштирокчилар томонидан муносиб кутиб олинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид