Ўзбекистон | 01:06 / 26.09.2018
7526
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор суд мажлисларининг онлайн трансляцияси жорий этилди

Бугун 2018 йил 25 сентябрда Олий суднинг Раёсат залида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги расмий веб-сайти ва ундаги интерактив хизматлар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон давлатларининг элчилари, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатлари элчихоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда Олий суд раиси Козимжон Комилов сўзга чиқиб, 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарор юзасидан 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича Дастурнинг амалий ижроси хусусида маълумот берди. 

Тадбирда Олий суднинг янги веб-сайти ва ундаги фуқаролар учун кенг имкониятлар яратилгани ҳақида сўз юритилди. Сайт www.sud.uz, www.oliysud.uz ва www.supcourt.uz манзиллари бўйича жойлашган.

Эндиликда ушбу тизим орқали фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон мурожаат қилиш билан бирга, суд мажлисларининг жадвали, куни ва вақтидан электрон тарзда хабардор бўлиш, барча суд қарорлари билан танишиш мумкин бўлади. 

Тадбирнинг энг муҳим қисми – Ўзбекистонда илк маротаба доимий ишловчи суд мажлисларининг онлайн трансляциясини жорий этиш тақдимоти бўлди. Бу ҳолат айни суд  жараёнини Олий суднинг веб-сайти орқали тўғридан-тўғри кузатиб бориш имкониятини беради. Ҳозирда ушбу тизим синов тариқасида Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудлари бўлган Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларидаги 12та судга ўрнатилган ва ишга туширилган. Шу йилнинг охирига қадар 22та судни, 2019 йилда эса 100дан ортиқ судни онлайн трансляция тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда. 

Мавзуга оид