3D принтердан ногиронлар учун махсус қурилмалар яратган талаба билан суҳбат
Ҳозирги кунда инсонлар ҳаётини янада енгиллаштириш учун янгидан янги қурилмалар ишлаб чиқарилмоқда. Ривожланган давлатлар эса янги давр – тўртинчи саноат революциясига ҳар томонлама тайёр бўлиш мақсадида инновацион ғоялар, янги стартап лойиҳаларни ишга туширмоқда. Жанубий Кореяда ҳам ёшлар янги ихтироларни ҳаётга татбиқ этиш билан банд.
Мана шундай ёшлардан бири Ёнсей университетининг физиотерапия бўлими магистранти, бўлажак шифокор Чой Вонсукдир. У имконияти чекланган ҳамда бемор инсонлар ҳаётини янада енгиллаштириш учун компьютер ва 3D принтер қурилмасидан фойдаланган ҳолда Splint and Assistive ёрдамчи ускуналарини яратди. Ҳозирда Вонсук ўз инновацион лойиҳасини нафақат Корея, балки бошқа давлатларда ҳам кенг оммага намойиш этиб келмоқда. Бугунги суҳбат орқали қаҳрамонимиз яратган янги қурилмалар ҳақида янада яқинроқ билиб олиш имконига эга бўласиз.
- 3D босма қурилмаларининг мутахассиси бўлиб етишишда нимадан илҳомландингиз?
- Тўртинчи саноат революцияси ҳақидаги мақолани ўқий туриб, янги 3D принтер ҳақида билиб олдим. 3D принтер янги технология бўлиб, ишлаб чиқариш саноати парадигмасини ўзгартириб юборди. Жуда ҳам кўп афзалликлар мени қизиқтира бошлади. 3D принтер технологияси орқали ҳар ким сотувчи ва харидор ўртасидаги тўсиқни олиб ташлайдиган маҳсулотни яратиши мумкин. Бундан ташқари, янги технология “кичик ҳажмдаги серияли қурилмалар ишлаб чиқаришга ёрдам беради. Мана шундай афзалликлар туфайли 3D принтер воситаси имконияти чекланган инсонлар учун ҳар бири ўз жисмоний хусусиятларига эга махсус ёрдамчи қурилмалар ва шиналар яратишга мос келади.
- Ўз ғояларингиз ва иш тажрибангиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
- Асосий 3D босма технологиялари орқали инсонларни ҳаракатланишига кўмаклашувчи ёрдамчи қурилмалар яратишга ҳаракат қиламан. Ҳозирги кунда мен қурилмалар ишлаб чиқариш учун 3D сканери ва 3D моделлаштиришдан фойдаланаман. Шу кунга қадар мен бармоқлар, билаклар учун шина, овқатланишга кўмаклашувчи қурилма, ғилдирак ўриндиқ учун электрон жойстик, 3D орқали сичқон-таёқча яратганман. Ҳар бир қурилма жисмоний қобилиятлар орқали мустақил ҳаракатланишга мўлжалланган.
- Янги рақамли ускуналар ногирон инсонларнинг ҳаётини енгиллаштиришга ёрдам беради. Бироқ сиз ўз ускуналарингизни қандай қилиб кенг оммага татбиқ этишни мақсад қилгансиз?
- Энг муҳими - маркетинг. Ажойиб технологиялар, замонавий ускуналар борлигига қарамай, агар улардан керакли инсонлар фойдаланмаса, бари фойдасиздир. Шунинг учун мен Facebook, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали реклама қилишни бошладим. Бундан ташқари, ёрдамчи ускуналаримни намойиш этиш мақсадида ногиронлар яшайдиган хонадонларга бориб тураман.
- Яқин беш йил ичидаги мақсад ва режаларингиз?
- Мақсадим – кундалик ҳаётда учратишимиз мумкин бўлган имконияти чекланган инсонларга бепул шина ва ёрдамчи қурилмаларни яратиш. Яқинда Crowd Funding орқали ногирон ва ночор инсонлар учун ўз лойиҳамни бошладим. Бу орқали мен ўз имкониятларимни кенгайтириб, Жанубий Кореяда барча бахтиёр яшаши учун ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Яқин кунларда интернет орқали янги қурилмалар дизайнини ишга тушириб, бутун дунё бўйлаб имконияти чекланган инсонлар мен яратган ёрдамчи воситалардан фойдаланишларини истайман, - деди суҳбатдошимиз.
Корея таълим тизими бўлажак мутахассисларни ҳар томонлама етук ҳамда профессионал этиб тайёрлашда инновацион услублардан фойдаланади. Ўзбекистон ҳам таълим соҳасида янгича ёндашувлар орқали ёшларни креатив лойиҳалар яратишга жалб этувчи ўқув дастурларни йўлга қўйишга эътибор қаратиши керак, деб ўйлайман. Назарий билимлар, ўз навбатида, амалий тажриба билан мустаҳкамланиб, талабаларни илҳомлантирувчи имкониятлар тақдим этиши зарур. Шундагина мамлакат иқтисодиёти ривожланиб, жаҳон ёшлари билан ҳар томонлама беллаша оладиган янгидан янги ихтирочилар, тадбиркорлар ва илм-фан намоёндалари пайдо бўлади.
Кun.uz мухбири Феруза Авазова суҳбатлашди
Мавзуга оид
20:45 / 12.11.2024
Англияда биринчи аккумуляторли поезд синовдан муваффақиятли ўтди. У соатига 120 км тезликка чиқди
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024