Жамият | 11:42 / 28.09.2018
10891
2 дақиқада ўқилади

Андижон тиббиёт коллежида илмий-амалий анжуман ўтказилди

27 сентябрь куни Андижон тиббиёт коллежида “Дарс жараёнида янги инновацион педагогик технологияларнинг жорий этиш методологияси” мавзуидаги илмий-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда иштирок этган касб-ҳунар коллежлари директорлари, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари эрталаб соат 8:00 да ташкил этилган ўқувчиларнинг эрталабки ритуал маросим жараёни, ўқувчилик либосларининг тадбиқ этилганлиги, профилактика дарсларини ўтказиш, таълим муассасасида ўқув-тарбия жараёнига инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларни жорий этилганлиги, ўқувчиларни миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятлар асосида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган спорт тўгараклари ҳамда ахборот-ресурс маркази “Китобхонлик клуби” аъзолари томонидан ўтказилган китобхонлик тадбирларини кузатдилар.

Шунингдек, Андижон тиббиёт коллежида узоқ йиллар мобайнида ёшларни Ватанга муҳаббат ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда самарали меҳнат қилаётган ҳамда жамоат ишларида фаол иштирок этаётган 12 нафар педагог-ходим 1-октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан бошқарма бошлиғи Фурқатбек Бузруков томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Семинар якунида кун тартибидаги масаланинг муҳимлилигидан келиб чиқиб, ҳар бир касб-ҳунар коллежида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли ижросини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш юзасидан таълим муассасалари директорлари ва ўринбосарларига тегишли топшириқлар берилди.

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ
мухбири

Мавзуга оид