Жаҳон | 07:58 / 30.09.2018
14570
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея АҚШнинг санкциялари тиз чўктира олмаслигини айтди

Фото: AFP

АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши санкциялари Пхеньянни тиз чўктира олмайди, аксинча АҚШга ишончсизлигини оширади. Бу ҳақда Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо БМТ Бош ассамблеяси 73-сессиясидаги нутқида айтиб ўтди.  

“АҚШ ўз мақсадига мажбурлаш билан эришиш учун “дастлаб ядровийсизланиш” тамойилини талаб қилмоқда ва босимни оширмоқда, ҳаттоки уруш якунлангани ҳақидаги баёнотга эътироз билдирмоқда. Гўёки санкциялар бизни тиз чўктириши – биз ҳақимизда ҳеч нарса билмайдиган одамларнинг азалий орзуси. Муаммо шундаки, санкцияларнинг давом этиши ишончсизлигимизни янада оширади”, деб айтган Ли Ён Хо.

Корея уруши 1953 йилда ярашув билан тугаган, бироқ ҳанузгача тинчлик сулҳи имзоланмаган.

Ли Ён Хонинг айтишича, Шимолий Корея АҚШга ишонч йўқ бўлган бир ҳолатда бир томонлама тарзда қуролсизланмайди.

“АҚШга бирор-бир ишонч бўлмаган тақдирда миллий хавфсизлигимизга ишонч бўлмайди ва бундай вазиятда биз бир томонлама тарзда асло қуролсизланмаймиз”, деб айтган Шимолий Корея вазири. 

Шу билан бирга вазирнинг айтишича, Пхеньян АҚШ билан Сингапурда эришилган қўшма баёнотни қатъий амалга ошириш ниятида.

Унинг айтишича, Корея яриморолидаги тинчлик ва хавфсизликка йўл “Шимолий Корея ва АҚШнинг қўшма баёнотини тўлиқ бажариш” ҳисобланади. 

“АҚШ ва Шимолий Корея қўшма баёноти Корея яримороли муаммосига тааллуқли барча ечимларни ўз ичига олади”, деб айтди вазир.

Шимолий кореялик вазирнинг таъкидлашича, бу келишувларнинг бажарилиши “Корея яриморолининг тўлиқ ядровийсизланишига” олиб келади.

Мавзуга оид