Ўзбекистон | 21:39 / 01.10.2018
3612
2 дақиқада ўқилади

ИИВ 2-академик лицейида устозлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

Ўзбекистон ИИВ 2-сон Тошкент академик лицейида 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Устозим – сизга таъзим” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғида жойлашган мазкур лицейда 610 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Бу ҳақда ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Таълим масканида жиноят-қидирув, тергов, эксперт-криминалистика, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, патрул-пост ва жамоат тартибини сақлаш, қўриқлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Ёшларнинг билимли, салоҳиятли бўлиб камолга етиши кўп жиҳатдан фидойи устозлар, касбига содиқ ўқитувчилар, жонкуяр мураббийларга боғлиқ. Ички ишлар вазирлигининг 2-сон Тошкент академик лицейида 32 нафар устоз ва мураббий фаолият юритиб, тадбир давомида ўқувчилар устозларни байрам билан қутлади. Саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар ижро этилди. 

Лицейнинг 9та хонаси Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ёрдамида таъмирланди ва ўқув-услубий адабиётлар, касбга доир зарур анжомлар билан жиҳозланди. Байрам муносабати билан лицейга ташриф буюрган Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Алламуродов ўқувчилар билан суҳбатлашди, ўқув хоналарини кўздан кечирди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан жиҳозланган ўқув-методик хонаси “энг яхши хона” деб топилди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид