Ўзбекистон | 19:30 / 01.10.2018
29869
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

27-28 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси ўтказилди. 

Ўн олтинчи ялпи мажлис давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 21та масала, шу жумладан, 14та қонун кўриб чиқилди

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди.

Қонун жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги жиноий, жиноий-процессуал ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилгани қайд этилди.

Жумладан, Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек Қонунда ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлган шахсга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Муҳокама чоғида Қонун қабул қилиниши жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга кўмаклашиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонун Президент томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач юридик кучга эга бўлади.

Мавзуга оид