Жамият | 11:43
1848
2 дақиқада ўқилади

Хатирчида 6 ойлик ўғлининг оғзига пайпоқ тиқиб ўлдирган ота 15 йилга қамалди

Ота чақалоғи йиғлагани учун уни урган ва овози чиқмасин, дея оғзига пайпоқ тиқиб қўйган. Оқибатда бола нафас етишмовчилигидан вафот этган. Ушбу болага нисбатан қийноқ ва зўравонлик ҳақида жамоатчиликни Kun.uz ўз манбаларига таяниб хабардор қилганди.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судида фарзандини ўлдирган отага ҳукм ўқилди. Kun.uz мазкур ҳукм билан танишди.

Ҳукмда ёзилишича, 2026 йил 9 январ куни 1993 йилда туғилган Ф.Н. дам олиш мақсадида хонасига кирганида 6 ойлик ўғли йиғлаб, хархаша қилиб унга халал берганидан жаҳли чиққан. Шунда у яқинларининг кўз ўнгида боланинг оғзига пайпоқ тиқиб, бир неча марта икки қўлидан ушлаб силтаб қўйиб юбориши оқибатида боланинг боши диван ёғочига теккан ва соғлиги ёмонлашиб клиник ўлим қайд этилади.

Суд тиббий экспертизаси хулосасида чақалоқнинг ўлими мия қаттиқ ва юмшоқ пардалари остига ва миячага қизил қора қон қуйилиши, мия ва ўпкалар шиши, ўткир нафас етишмовчилигидан келиб чиққанлиги айтилган.

Ф.Н. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни) ва “ж” (ўта шафқатсизлик билан) бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 9 январ кунги ушбу қийноқ ва зўравонлик ҳақида жамоатчиликни Kun.uz ўз манбаларига таяниб хабардор қилганди. Жумладан, йиғлагани учун ота ўзининг 6 ойлик ўғил бола чақалоғига тан жароҳати етказган ва унинг оғзига пайпоқ тиққан. Шундан сўнг чақалоқнинг аҳволи оғирлашиб, кўкара бошлаган.

Чақалоқ онаси томонидан зудлик билан шифохонага олиб борилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарама бола 14 январ куни соат 11:30 лар атрофида шифохонада вафот этган.

Дастлаб ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид