Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда коррупционерлар реестри ниҳоят жорий этилмоқда
Узоқ кутилган ва 22 июн куни имзоланган қонун билан, Жиноят кодексининг 18 та моддаси (ёки уларнинг айрим диспозициялари)дан иборат коррупцион жиноятлар рўйхати белгиланди. Бу рўйхатдаги жиноятларда айбдор деб топилган шахслар электрон реестрга киритилади ва улар судланганлик даври мобайнида давлат ишига қабул қилинмайди. Реестрнинг жамоатчиликка очиқ ёки ёпиқ бўлиши қонунда кўрсатилмаган.
Ўзбекистон президенти 22 июн куни коррупцияга қарши курашишга оид қонунни имзолади.
Қонун билан, коррупцияга оид жиноятлар рўйхати ва коррупционерларга нисбатан жорий этиладиган чекловлар белгиланди.
Коррупцион жиноятлар
Жиноят кодексида кўрсатилган қуйидаги жиноятлар коррупцияга оид деб ҳисобланади:
-
мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш орқали содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож (167-модда 3-қисми «д» банди)
-
хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик (168-модда 4-қисми «г» банди);
-
тижоратда пора эвазига оғдириб олиш (192-9-модда);
-
нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (192-10-модда);
-
нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ғаразгўйлик ниятларида ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш (192-11-модда 2-қисми «в» банди);
-
ғаразгўйлик ниятларида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (205-модда 2-қисми «в» банди);
-
ғаразгўйлик ниятларида ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (206-модда 2-қисми «в» банди);
-
ғаразгўйлик ниятларида содир этилган ҳокимият ҳаракатсизлиги (208-модда 2-қисми);
-
ғаразгўйлик ниятларида содир этилган мансаб сохтакорлиги (209-модда 2-қисми «в» банди);
-
пора олиш (210-модда);
-
пора бериш (211-модда);
-
пора олиш-беришда воситачилик қилиш (212-модда);
-
давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш (213-модда);
-
давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (214-модда);
-
спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши (214-1-модда);
-
спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш (214-2-модда);
-
ҳарбий мансабдорлар орасида ғаразгўйлик ниятларида содир этилган ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги (301-модда 2-қисми «б» банди).
Шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жинояти (ЖК 243-модда) ҳам башарти коррупцияга оид жиноятларни содир этиш натижасида олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, коррупцион жиноят ҳисобланади.
Коррупционерлар реестри
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга асосан, Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри юритилади.
Реестрга киритилган шахсларга нисбатан қуйидаги чекловлар белгиланади:
-
давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
-
сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодининг кўрсатилиши;
-
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;
-
ўзи таъсис этган ва (ёки) устав фондидаги (устав капиталидаги) улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиш;
-
давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.
Ички ишлар вазирлиги коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан айблов ҳукми (ажрим) қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида реестрга шахс ҳақидаги маълумотларни киритади.
Реестрдаги шахслар ҳақидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида реестрда сақланади.
Реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда юритилади.
Реестр очиқ бўладими?
Қонунда электрон реестрдан маълумот олиш тартиби белгиланмаган, хусусан бу реестр жамоатчилик учун очиқ бўлиши ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган. 2021 йилги президент фармонида бу реестр очиқ бўлиши белгиланган.
Қонунга кўра, электрон реестрдан маълумот олиш тартиби, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларни реестрдан чиқариш асослари ва тартиби қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Яъни бу масалалар қонун билан эмас, президент ёки ҳукумат қарори билан тартибга солиниши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган сана – 2026 йил 23 июндан кучга кирди.
5 йил кутилган қонун
коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхатини белгилаш ва бу рўйхатдаги жиноятларни содир этганларнинг очиқ реестрини юритиб, уларга нисбатан чекловлар жорий этиш вазифаси 2021 йил 6 июл куни имзоланган президент фармонида белгиланган. Шу тариқа, фармон ижроси таъминланиши учун амалда 5 йил вақт керак бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коррупцион жиноятларни содир этган 566 нафар шахс 2023 йилда давлат хизматига қайта қабул қилинган ва яна коррупцияга қўл урган.
Судланганлик муддати қанча?
Қонунга кўра, коррупцияга қўл урган шахслар судланганлик муддати давомида реестрда бўлиши белгиланди.
Жиноят кодексининг 78-моддасига кўра, шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
- шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;
- мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;
- жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
- озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;
- 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;
- 5 йилдан ортиқ, лекин 10 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;
- 10 йилдан ортиқ, лекин 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.
Агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, суд юқорида кўрсатилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.
Мавзуга оид
09:10 / 21.06.2026
Мундиалдаги тарихий дебют ва қайтариб бериладиган солиқ – ҳафта дайжести
18:20 / 17.06.2026
Давлат хизматчилари учун қамоқхонага экскурсия амалиёти йўлга қўйилди
14:42 / 16.06.2026
Тошкентда ИИО бўлинма бошлиғи жиноятда гумонланиб қўлга олинди
15:13 / 15.06.2026