«Барселона»нинг оқсаши. Каталонияликларнинг сустлиги нима билан боғлиқ?
«Барселона» бугун Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-тури доирасида жиддий ўйинда майдонга тушади. Жамоа ички чемпионатда кейинги ўйинларни ўта муваффақиятсиз ўтказди.
Ишончсиз старт
Испания Ла Лигасида кейинги икки мавсумда 7 тур ўйинларидан кейин бир жамоа - «Барселона» турнир жадвалининг биринчи ўрнида турган. Аммо бу икки мавсумдаги кўрсаткичлар кескин фарқ қилади. Ўтган йили каталонияликлар жамоаси 7 ўйинда битта ҳам очко йўқотишмаганди ва тўплар нисбати 23-2 кўринишида бўлганди. Бу сафар эса бутунлай бошқа манзара: 7 ўйинда 21 очко ўрнига 14 (4-2-1). Тўплар нисбати эса 18-8.
Айтиш мумкинки, ҳозирда кўк-анорранглилар жамоаси пелотоннинг бошида кетмоқда ва рақиблар ҳам ортда қолдирилмаган. «Реал»да ҳам 14 очко ва мадридликлар тўплар нисбати туфайли иккинчи ўринда, учинчи ўриндаги «Севилья»да 13, тўртинчи ўриндаги «Атлетико»да 12 очко бор.
«Барселона» яна оқсай бошлагани сабаби нимада?
Кўрсаткичлар ўсиб, натижа пасайган
Жамоанинг икки мавсумдаги натижаларини солиштириш орқали юқоридаги саволга жавоб топиш мумкин. «Барселона» ҳужумкорлиги бу мавсумда янаям ўсган - жорий мавсумнинг 7 ўйинида каталонияликлар ўтган мавсумнинг 7 туридагига қараганда кўпроқ зарба беришган ва бу зарбаларнинг кўпроқ қисми дарвозага аниқ етиб борган: ўтган мавсумдаги 105 зарба/53 аниқ зарбага қарши бу мавсумдаги 124 зарба/60 аниқ зарба. Тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи ҳам ошган: 55,7 фоизга қарши 63,6 фоиз. Демак, гап вазиятларнинг голга айлантирмаётганида - вазиятлар яратилмоқда, аммо ҳужумлар гол билан якунланмаяпти.
Месси ва Суареснинг жимлиги
Кўк-анорранглилар жамоасининг асосий тўпурарлари бу мавсумда тўлиқ имкониятларидан фойдаланишмаяпти. Бир йил муқаддам мавсумнинг бу вақтида аргентиналик ҳужумчи чемпионат ўйинларида 11 гол уриб улгурганди, жумладан, «Эспаноль» дарвозасига ҳет-трик ва «Эйбар» дарвозасига покер. Ҳозир эса Месси атиги 5 гол урган ва унинг ҳужумдаги фаоллиги кескин тушиб кетган. Ўтган мавсумнинг бу даврида у 50та зарба бериб, шундан 25тасини дарвоза томон аниқ йўллаган бўлса, ҳозирги кўрсаткичи 31/16. Одатда мавсумни қийин бошлайдиган Суаресда ҳам кўрсаткичлар нисбатан пасайган: Ўтган мавсумда у 7 турнинг 4тасида майдонда бўлиб, 2 гол урганди. У ўша ўйинларда жами 13 зарба берган, шундан 6таси дарвоза томон аниқ борганди. Бу мавсумда эса 7 ўйинда ҳам майдонга тушиб, 3 гол урди, 20та зарба берди, шундан 10таси аниқ.
Марказдаги баланс
Бошқа томондан Дембеле ва Коутиньо фаоллик қилмоқда. Улар биргаликда 5та гол уришди. Франциялик футболчи ўтган мавсум бошида жароҳат олган ва шу бўйи гол урмаганди. Месси, Суарес, Дембеле ва Коутиньо бир вақтда майдонда бўлганида жамоа 4 ҳужумчи билан ҳаракатланаётгандек таассурот уйғотмоқда.
Лекин жамоада Иньестанинг ўрнини Артур тўлдира олмаган, Коутиньо ҳужум ташкил қилишдан кўра кўпроқ ҳужумни якунлашга ихтисослашган, Денис Суарес жароҳатлар гирдобида.
Шу муаммолар туфайли майдон маркази ва ҳужум чизиғи ўртасидаги алоқа узилиб қолган. Натижада, франциялик ва бразилиялик вингерлар ўзларининг индивидуал маҳоратлари эвазига хавфли вазиятлар яратишга уринишмоқда, аммо бу ҳамиша ҳам ўхшамаяпти. Суарес эса аниқ пасларсиз натижа кўрсата олмаяпти, чунки Мессининг ўзи тўпни кўп йўқотмоқда. Рақиблар аргентиналик футболчи учун эркин ҳаракатланиш ҳудудини қолдирмасликни ўрганиб олишган, унга тобора кам имкон қолдиришмоқда.
Ҳимоядаги заифлик
Бу ўринда гап персоналлар ҳақида, жамовий ўйин ҳақида эмас. «Барселона» ҳозирда аввалгига нисбатан камроқ тўп йўқотмоқда (ўрта92,8га қарши 84,6 марта), камроқ фол ишлатмоқда (10,6 мартага қарши 9,1 марта) ва ҳимояда яккакурашларда устун келмоқда (икки мавсумда ҳам бу кўрсаткич 25 фоизни ташкил этган). Каталонияликлар дарвозасига камроқ зарбалар берилмоқда (лекин аниқ зарбалар сони кўпроқ). Ўтган мавсумда 65 зарба берилган ва шундан 15таси аниқ бўлган. Жорий мавсумдаги 7 ўйинда эса 48 зарба ва шундан 24таси аниқ. Шунга қарамасдан, кўк-анорранглилар жамоаси аввалгига нисбатан кўпроқ гол ўтказишган.
Тезликнинг ва Пикега бўлган ишончнинг йўқолиши - ҳужумга чиққан ҳимоячиларнинг ортга вақтида қайта олмаслиги ва қўпол хатоларга йўл қўйиши «Барселона» тўплаган очколарда акс этиб турибди. Ўтган мавсумда орқа чизиқда жамоани Маскерано ва Юмтити қутқаришарди. Энди эса аргентиналик футболчи жамоада эмас, франциялик ҳимоячи жароҳат туфайли сафдан чиққан.
Жамоанинг яна бир заиф нуқтаси бор. Динь кетгач, чап қанотда Албага ўринбосар қолмади. Унга дам берилганда, бу позицияда гоҳ Фермален ўйнамоқда. У «Леганес»га қарши ўйинда ўтказилган голлардан бири учун яққол айбдор. Унинг хатоси ортидан Пике тўпни мадридликларга топшириб қўйиб, иккинчи гол ўтказилди. Жамоадошларининг ишончсиз ўйини Тер Штегенга ҳам таъсир кўрсатмай қолмаяпти.
Захирадагиларнинг самарасизлиги
«Барселона»нинг рақиблари бу мавсумда супер ўйин кўрсатиб юборишгани йўқ, шунчаки ўтган мавсумда каталонияликларда узун захира ўриндиғи мавжуд эди. Бундан фойдаланган ҳолда Вальверде ўйинларда вазиятни ўзгартириб юбора оларди. Хусусан, бир неча марта Паулиньо, Алейш Видаль, Деулофеу ва ҳатто Пако Алькасер захирадан ўйинга қўшилиб, жамоани қутқарганди.
Энди жамоанинг захира ўриндиғи у қадар кучли кўринмаяпти - Артур ҳам, Видаль ҳам, Рафинья ҳам ўзларидан кутилган ўйинни намойиш қила олишмаяпти. Малком ҳақида гапиришга ҳали эрта, у жароҳат туфайли Примера ўйинларида қатнаша олмаяпти.
Ҳозирча каталонияликларнинг захира ўриндиғи асосий таркибга рақобат қила олмас экан, майдон марказида мустаҳкам чизиқ ҳосил қилинмас экан, жамоа чемпионликка эришиши қийин бўлади.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024