22:37 / 03.10.2018
9814

Халқаро шахмат федерациясига янги президент сайланди

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари Аркадий Дворкович Батумида Халқаро шахмат федерациясининг (ФИДЕ) конгресси аъзолари овоз бериш натижаларига кўра ФИДЕ президенти этиб сайланди. 

Ушбу лавозимга федерациянинг кўп йиллик вице-президенти Георгиос Макропулос ва британиялик гроссмейстер Найжел Шорт ҳам даъвогарлик қилган.

Шорт овоз беришга бир неча дақиқа қолганда ўз номзодини овоз беришдан олганини эълон қилган. Овоз бериш натижаларига кўра Дворкович 103 овоз, Макропулос 78 овоз тўплаган.

Дворкович ФИДЕни 1995 йилдан бошқариб келган Кирсан Илюмжинов ўрнини эгаллайди. Илюмжинов ўз вақтида 6 марта ФИДЕ президенти лавозимига қайта сайланган ва навбатдаги марта номзодини қўймоқчи бўлган, бироқ 13 июлда ахлоқ бўйича комиссия қарори билан ўз лавозимидан четлатилган. Натижада Илюмжинов овоз беришдан бош тортган ва Дворковичга қўллаб-қувватлов билдирган.

Дворковичнинг отаси Владимир Дворкович 1982 йилдан 1984 йилгача собиқ иттифоқ шахмат федерацияси масъул котиби лавозимини эгаллаган. Аркадий Дворкович эса 2007 йилдан 2010 йилгача Россия шахмат федерацияси вице-президенти, 2010 йилдан 2014 йилгача унинг кузатув кенгаши раиси бўлган ва ҳозирда федерациянинг васийлик кенгаши таркибига киради.

Top