Жаҳон | 21:53 / 03.10.2018
6453
2 дақиқада ўқилади

Туркияда саудиялик журналист йўқолиб қолди 

Саудиялик таниқли мухолифатчи журналист, Washington Post нашри колумнисти Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига киргач йўқолиб қолди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари турк-араб уюшмаси баёнотида айтилган.

“Саудия Арабистони консуллигига кирган араб журналисти Жамол Қошиқчи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз вазият ортидан хавотир билан кузатмоқдамиз”, деб айтилган баёнотда.

Таъкидланишича, журналист бир суткадан бери алоқага чиқмаяпти. Habertürk телеканалининг маълум қилишича, у Саудия Арабистони бош консуллигига 2 октябрь соат 13 атрофида ҳужжатларни расмийлаштириш учун келган. Унинг шахсан келишини консуллик ходимлари сўрашган. У консулликка қаллиғи билан бирга келган, бироқ аёл ичкарига киритилмаган. 5 соатдан кейин эса консуллик ходимларидан бири чиқиб, журналист кетганини ва уни бошқа кутмасликни айтган. Журналист консулликка келиши олдидан агар ушланадиган бўлса, бу ҳақда Туркия ҳукумати ва оммавий ахборот воситалари турк-араб уюшмасини хабардор қилишни айтган. 

Журналист Ар-Риёднинг ҳозирги сиёсати бўйича танқидий қарашлари билан танилган. 

У 2017 йилда Саудия Арабистонини тарк этиб, АҚШда қўним топган. Қошиқчи АҚШ нашри учун доимий равишда мақолалар ёзиб, унда Саудия Арабистонидаги вазият ва ташқи сиёсатни таҳлил қилади ҳамда қироллик ҳукумати фаолиятининг муаммоли жиҳатларини очиқча баён қилади. У бир мунча вақт Саудия Арабистонида чоп этилувчи Al-Watan нашри бош муҳаррири бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид