Спорт | 21:20 / 04.10.2018
23025
2 дақиқада ўқилади

Можарога ўралашиб қолган Роналду жорий йилда Португалия термасида ўйнамайди

Фото: Getty

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду терма жамоанинг жорий йилдаги ўйинларида иштирок этмайди. Футболчи Польша,Италия ва Шотландияга қарши ўйинларни ўтказиб юборади. Бу ҳақда Associated Press ва Sky News хабар тарқатган.

Бу хабар футболчи жинсий зўравонлик билан боғлиқ можаро гирдобида қолган вақтда тарқалди.

Айни вақтда 33 ёшда бўлган футболчи Португалия терма жамоасининг сентябрь ойида Хорватия ва Италияга қарши кечган учрашувларида ҳам қатнашмаганди. Бу унинг янги жамоаси «Ювентус»га киришиб кетиши зарурати билан изоҳланганди.

Мураббий уни 11 октябрь куни Миллатлар Лигаси доирасида Польшага қарши ўйинга ва 14 октябрь куни Шотландияга қарши ўтказиладиган ўртоқлик учрашувига чақирмаган. 

Португалия нашрлари хабарига кўра, футболчи 17 ноябрь куни Италияга қарши ва 20 ноябрь куни Польшага қарши жавоб ўйинларида ҳам Португалияга ёрдам бера олмайди. Шу тариқа, у 2018 йил давомида Португалия учун бошқа ўйнамайди.

Португал журналистлари футболчининг терма жамоага чақирилмаслигини шу кунларда Лас-Вегасда унга қарши бошланган текширувлар билан боғлашмоқда. 

Сентябрь ойи охирида америкалик Кэтрин Майорги Der Spiegel нашри орқали шов-шувли чиқиш қилди. Унинг айтишича, португалиялик футболчи 2009 йили АҚШга таътили вақтида уни зўрлаган. Журналистлар ушбу қиз ва футболчи ўртасидаги келишув ҳақида ёзишди, унга кўра, португалиялик юлдуз қизга жим юриши учун 375 минг доллар тўлаган. 

Айни вақтда Роналду бу айбловни инкор этмоқда, унинг адвокатлари эса нашрни маънавий зарар учун судга бермоқчи.

Кэтрин Майоргининг адвокатлари эса матбуот анжуманида ўз ҳимояларидаги шахс Роналдудан маънавий зарарни қоплаш учун 200 минг доллар талаб қилаётганини маълум қилишган. Футболчида жавоб қайтариш учун 20 кун муҳлат бор.

Мавзуга оид