Ўзбекистон | 17:36 / 05.10.2018
8630
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ихтисосли бўлмаган объектларини сотувга қўйди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган ва айни дамда нефть-газ соҳаси ташкилотлари балансидаги ихтисосли бўлмаган 156 объект очиқ савдоларда хусусий мулкка сотиладиган бўлди.

Фермер хўжаликлар раҳбарларини савдога қўйилган интенсив боғлар, боғдорчилик хўжаликлари, сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари, чорвачилик мажмуалари, гўштни қайта ишлаш ва колбаса ишлаб чиқариш корхоналари, балиқчилик хўжаликлари, иссиқхоналар, паррандачилик фермалари, ёрдамчи хўжаликлар, асаларичилик хўжаликлари, қандолатчилик цехлари ва совутиш ускуналари қизиқтириши мумкин.

Тадбиркорлар эса ёқилғи қуйиш шохобчаларига, газ ускуналарини текшириш ва ўрнатиш бўйича хизмат кўрсатувчи марказлар, электр жиҳозларини таъмирлаш устахоналари, тикувчилик цехлари, дам олиш оромгоҳлари, сиҳатгоҳлар, турар-жой бинолари (қурилиши битмаган), дўконлар ва савдо мажмуалари ҳамда қатор корхоналарга, шу жумладан тўқимачилик корхоналарига эътибор қаратишлари мумкин.

Маъмурий бинолар, спорт мажмуалари, меҳмонхоналар ва ётоқхоналар, поликлиникалар, ёшлар маркази бинолари, дўконлар, омборхоналар, зотдор отларни кўпайтириш ва тайёрлаш мажмуалари ҳам очиқ савдоларга қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, савдога қўйилган активларнинг аксарияти йўлга қўйилган бизнес бўлиб, қўшимча маблағ киритилишини талаб қилмайди, бу эса, ўз ўрнида, вилоятлардаги тадбиркорлар учун айниқса аҳамиятлидир. Объектларни янги эгаларига сотиш Ўзбекистон вилоятлари аҳолисини қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш имконини яратади.

Нефть ва газ соҳасига тегишли ихтисосли бўлмаган ва фойдаланилмаётган активларни савдога қўйиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 июнь кунидаги 443-сонли ва 2018 йил 25 август кунидаги 685-сонли қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Агар активлар ушбу қарорлар қабулига қадар ижарага берилган бўлса, ижарачининг объектни сотиб олиш ҳуқуқи ошади.

Объектлар очиқ савдоларга қўйилган кундан бошлаб уч ой мобайнида сотилмаган тақдирда, улар тадбиркорларга бозор қийматида 10 йилгача муддатда узиш шарти билан сотилади.

Бундан ташқари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига давлат мулки сифатида бепул бериладиган ҳамда бошқа ташкилотларга самарали фойдаланиш шарти билан хусусийлаштириладиган объектлар рўйхати тузилган. Хусусан, Қарши туманидаги иссиқхона, Поп туманидаги меҳмонхона, Фарғона шаҳрида жойлашган “Нефтчи” маданият саройи ва бошқалар шулар жумласидандир. Рўйхатдаги объектлар бир ой муддатда маҳаллий ҳокимият органларига қолдиқ баланс қийматида берилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ инвесторлар ва табдиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатишга доимо тайёр.

Қўшимча маълумотларни олиш учун ёки битим тузишда бирор тўсиқлар пайдо бўлганида, қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиш мумкин: +99871 236 02 16.

Таклифлар бўйича батафсил маълумотни www.uzneftegaz.uz  сайтининг “Активларни сотиш” бўлимидан олиш мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид