Ўзбекистон | 13:54 / 06.10.2018
7795
3 дақиқада ўқилади

Наманганда “Муғтепа” археология мажмуаси ташкил этилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Косонсой туманида “Муғтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси ва Наманган вилояти ҳокимлигининг:

Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида “Муғтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш мажмуасини;

мажмуа таркибида кўргазма-экспозиция ва ахборот-ресурс марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар мажмуанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

“Муғтепа” археология мероси объектини тегишли даражада муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, объектда очиқ варақ ва рухсатнома олган археологлар томонидан объектда археологик қидирув ишлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий-археологик тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

республика ва хорижда объектга оид сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда тадқиқ этиш, улар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари, бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали кенг тарғиб этиш;

тарихий-илмий асослар бўйича объект макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан кўргазма-экспозиция ташкил этиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш;

туристлар, илмий тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда объектнинг муҳофаза этиладиган ҳудудидан ташқарида замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш ва объектнинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш.

Мавзуга оид