“Тошшаҳартрансхизмат” ва унинг таркибидаги корхоналарда жума кунлари хизмат машиналаридан фойдаланиш тақиқланди
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан навбатдаги буйруқ қабул қилинди. Унга кўра ҳафтанинг ҳар жума кунида жамият ва унинг таркибидаги корхоналарда хизмат машиналаридан фойдаланиш тақиқланади, деб хабар берди жамият матбуот хизмати.
Хабарда билдирилишича, шу куни барча раҳбарлар ва бошқа ходимлар ўзларига ажратилган хизмат автомобилларидан фойдаланмаган ҳолда жамоат транспортида ишга келадилар ва кун давомида эҳтиёжга қараб жамоат транспортидан фойдаланадилар.
“Вазият тақозоси билан бошқа кунларда ҳам раҳбарлар эрта тонгдан автобусда юриб, транспорт хизмати сифатига йўловчи назари билан эътибор қаратадилар. Бу жараёнда йўловчилар кайфияти, уларнинг норозилигига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганадилар. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир раҳбар оддий йўловчи сифатида автобусда кечадиган жараёнларни бевосита кузатсин, у ердаги муаммоларни юракдан ҳис этсин. Шу аснода ишга бўлган муносабатини ўзгартириб, ўз-ўзига бўлган талабчанлик ҳамда масъулиятни яна оширишсин”, дейилади хабарда.
Тизим раҳбарияти бу жараёнда ҳайдовчи ва чиптачиларнинг махсус кийимдалигига, ташқи кўриниши, санитария ва гигиена талабларига мослигига, йўловчиларга кўрсатилаётган муомала маданияти, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиниши, оралиқ бекатларда ортиқча туриб қолиш каби қатор масалалар устидан назорат олиб боради. Аниқланган камчилик ва муаммолардан келиб чиқиб зарур чора-тадбирлар белгиланади.
“Ушбу ташаббусдан кўзланган яна бир муҳим жиҳат, жамият томонидан пойтахт йўлларидаги транспорт тирбандлигининг олдини олишга, атмосфера мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшишдир”, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
23:59 / 16.08.2024
Тошкентда автобуслар тезлиги 50 км/соатгача чекланади
07:56 / 19.07.2024
Тошкентда «Ғалабанинг 40 йиллиги» автобус бекати қулаб тушди
16:31 / 09.04.2024
Тошкентда йўловчининг қўлини қисиб қолган ҳолда ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси ишдан кетди
19:49 / 26.02.2024