«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг 7 январ куни 83-сонли йўналишда ҳаракатланувчи электробуснинг қарши йўналишда юргани тасвирланган видео ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.
Ҳолат ўрганилиши натижасида мазкур қоидабузарлик «2-Автобус саройи» филиалига бириктирилган «Ютонг» (электробус) русумли, сарой рақами 600 бўлган 83-сонли йўналиш ҳайдовчиси Ж.У. томонидан содир этилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, қоидабузарликка нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва қоида бузган автобус ҳайдовчиси белгиланган тартибда жаримага тортилган.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳайдовчиларни транспорт воситасини бошқариш вақтида нафақат ўзининг, балки йўловчилар ҳаёти учун ҳам масъул эканини унутмасликка чақирди.











