Жаҳон | 21:30 / 07.10.2018
6314
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған саудиялик журналистнинг йўқолиши терговини шахсан кузатиб боришини маълум қилди

Фото: Ozan Kose / AFP / Scanpix / LETA

Бир неча кун аввал Туркияда бедарак йўқолган, келиб чиқиши саудиялик бўлган журналист Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигида ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Туркия президентининг маслаҳатчиси Ясин Актай маълум қилди. 

Актайнинг таъкидлашича, бу қотилликка журналист йўқолган кундан бир кун аввал Истанбулга келган 15 саудияликдан иборат гуруҳ алоқадордир.

“Менда гўёки у ўлдирилгандек ҳис бор. Саудияликлар тергов учун келишимиз мумкинлигини айтишмоқда, бироқ улар аллақачон жасаддан қутулишган”, деб айтган Актай. У Саудия Арабистони томонининг кузатув камераларидан ёзувлар йўқлиги ҳақидаги гапларини иккиюзламачилик деб атаган. 

Журналист 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига келгач изсиз ғойиб бўлган. Қошиқчи билан бирга консулликка келган, бироқ ичкарига киритилмаган қаллиғига 5 соат ўтгач, бўлажак турмуш ўртоғи консулликни тарк этгани маълум қилинган. Бироқ кейинроқ аёл бу маълумотга ишонмаслигини айтган.

6 октябрда Туркия полицияси журналистнинг бош консулликда ўлдирилгани тахминини кўриб чиқаётгани маълум қилинган.

Бу орада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған журналистнинг йўқолиши тергови ортидан шахсан ўзи кузатишини ва ушбу воқеанинг ижобий якун топишига умид қилишини айтган.

“Бундай ҳодиса бизнинг давлатимизда содир бўлгани жуда қайғулидир. Мен ёқимсиз вазиятга дуч келмаслигимизга ҳамон умид қилмоқдаман. Прокуратурадан натижаларни кутиб қоламиз. Биз бу маълумотларни иложи борича тезроқ олмоқчимиз. Натижалар қандай бўлмасин, биз у ҳақда маълум қиламиз”, деб айтган Эрдўған журналистларга. 

Мавзуга оид