21:39 / 08.10.2018
4474

Microsoft компанияси Windows 10 янгиланмаси сабабли файллар ўчиб кетишини тан олди

Фото: Richard B. Levine / Globallookpress.com

Microsoft корпорацияси Windows 10 операцион тизимининг 1809 версиядаги янгиланмасини тарқатишни тўхтатди. Бу фойдаланувчилар операцион тизим файлларни ўчириб юбораётганидан шикоят қилганларидан кейин юз берди.

Компанияда таъкидланишича, муаммо ҳал қилинмагунча янгиланма чиқарилмайди.  

Операцион тизимнинг янги версияси 2 октябрда чиққан ва бир неча кундан кейин фойдаланувчилар янгиланма “Менинг ҳужжатларим” (Мои Документы) папкасидан файлларни ўчириб юбораётганини маълум қила бошлашган. Хабарларга кўра, бир фойдаланувчи 23 йил давомида йиғган 220 гигабайт маълумотдан маҳрум бўлган.

Бунда тизимнинг эски версиясига қайтиш ва маълумотларни тиклашга мўлжалланган турли дастурлар фойда бермаган. Натижада жабр кўрган фойдаланувчиларга таклиф қилинган ягона нарса – маълумотларни вақти-вақти билан нусхалаб туриш зарурлиги таклифи бўлган.

Бундан ташқари, янгиланмадан кейин Intel’нинг Skylake ва янги авлоддаги процессорлари билан муаммолар кузатилган. Бу процессорга юкламанинг ошиши, ноутбукларда эса автоном ишлаш вақтининг анча камайишига олиб келади. Компанияда бу муаммоларга муносабат билдирилиб, тизимни янгилаш олдидан эски версияга қайтиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш чиқарила бошланган.  

Top