Технология | 18:55 / 14.10.2025
3387
2 дақиқада ўқилади

Microsoft компанияси Windows 10 тизимини қўллаб-қувватлашни тўхтатди

Операцион тизимнинг ўзи ишлашдан тўхтамайди, бироқ қўллаб-қувватлашнинг тўхтатилиши туфайли у вируслар ва ҳакерлик ҳужумлари учун янада заифроқ бўлиши мумкин.

Фото: Getty images

14 октябр кунидан бошлаб Microsoft корпорацияси Windows 10 операцион тизимини қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Фойдаланувчилар энди бепул дастурий таъминот ва хавфсизлик тизимлари янгиланишларини олмайди.

Операцион тизимнинг ўзи ишлашдан тўхтамайди, бироқ қўллаб-қувватлашнинг тўхтатилиши туфайли у вируслар ва ҳакерлик ҳужумлари учун янада заифроқ бўлиши мумкин. Windows 10 тизими 2015 йилда чиқарилган ва 2021 йилда Windows 11 чиқарилган бўлса-да, у ҳамон машҳур бўлиб қолмоқда. Statcounter маълумотларига кўра, 2025 йил июл ҳолатига кўра, уни фойдаланувчиларнинг 40 фоиздан ортиғи ишлатади.

Microsoft хусусий фойдаланувчиларга асосан иккита вариантни таклиф қилади. Улардан бири Windows 11 тизимига ўтиш: компютерда операцион тизимни янгилаш ёки қурилманинг ўзини янгилаш.

Яна бир вариант - кенгайтирилган хавфсизлик янгиланишлари (Extended Security Updates, ESU) деб аталадиган дастурга обуна бўлиш. У яна бир йил - 2026 йил октябригача хавфсизлик тизимларининг энг муҳим янгиланишларини олишни давом эттириш имконини беради. Хусусий фойдаланувчилар учун обуна нархи 30 доллар, корпорациялар учун - ҳар бир қурилма учун 61 доллар. У Windows 10 қўллаб-қувватлаш тугаганидан кейин максимал уч йилга мўлжалланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид