Жамият | 14:36 / 09.10.2018
17001
4 дақиқада ўқилади

Хоразмда чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлаётгани рад этилди

Фото: KUN.UZ

Интернет тармоғида “Хоразмда чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлмоқда” сарлавҳаси остида тарқатилган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Давлат ветеринария қўмитаси томонидан Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда жойига чиқиб эпизоотик суриштирув ва ўрганишлар олиб борилди, деб хабар қилмоқда Давлат ветеринария қўмитаси ахборот хизмати.

Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани “Гулобод” қишлоғи ҳудудида 1860 хонадон мавжуд бўлиб, улар қарамоғида парваришланаётган 6228 бош йирик шохли ва 3960 бош майда шохли моллар рўйхатга олинган ҳамда рўйхатга олинган чорва ҳайвонларининг барчасида эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар белгиланган графикка мувофиқ, ҳайвонларнинг иммун фонидан келиб чиқиб, амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Шунингдек, Янгиариқ туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг расмий маълумотига кўра, “Гулобод” қишлоғида чорвачилик фермер хўжаликлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

2018 йилнинг 7 октябрь куни ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан “Гулобод” қишлоғи ҳудудидаги мавжуд чорва ҳайвонлари бирма-бир клиник кўрикдан ўтказилиб, уларда юқумли касалликлар, хусусан, нодуляр дерматит касаллигига хос бўлган клиник белгилар кузатилмади. Клиник кўрик жараёнида 8 бош гинекологик, 13 бош хирургик ва 3 бош озиқадан заҳарланиш ҳамда 7 бош шамоллаш касалликларига чалинган қорамоллар кузатилиб, уларда йўриқномаларга мувофиқ белгиланган тартибда даволаш ишлари амалга оширилаётганлиги маълум бўлди.

Ўтган давр мобайнида ҳудудда 3 бош қорамол нобуд бўлган. Нобуд бўлган қорамоллар патологик (ёриб кўриш усули орқали) ўрганилганда “Травматик перикардит” ва “Жигар церрози” касалликлари оқибатида нобуд бўлганлиги тасдиқланган.

Шунингдек, “Гулобод” ҳудудидаги қорамолларда нодуляр дерматит касаллигига қарши режали равишда профилактик эмлаш ишлари ўтказилган бўлиб, эмланган ҳайвонларнинг 14 бошида эмлашдан кейинги асоратлар кузатилган ва уларда симптоматик (асоратларни йўқотишга қаратилган) даволаш ишлари ўтказилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда жойида ҳақиқий ҳолатни ўрганиш натижаларига асосланган ҳолда “Хоразмда чорва орасида эпидемия тарқаб, моллар нобуд бўлмоқда” сарлавҳаси остида тарқатилган маълумотлар асоссиз эканлиги ва тасдиғини топмаганлиги маълум қилинган.

Қорамолларнинг нодуляр дерматит касаллиги (Dermatitis nodularis bovum, заразный узелковый дерматит) – давомли иситма, лимфа тизимининг зарарланиши, тери ости тўқималари ва ички органлар шиши, терида тугунчали тошмалар, некрозланувчи ўчоқли тери бўртмалари (ғадир-будур шиш) ҳосил бўлиши, кўз ва нафас ҳамда ҳазм қилиш органлари шиллиқ пардаларининг зарарланиши билан тавсифланувчи контагиоз инфекцион касаллик ҳисобланади.

Қайд этилишича, одамлар нодуляр дерматит касаллиги билан касалланмайди.

Ҳайвонлар нодуляр дерматит касаллигини дерматофилёздан (пўст билан қопланган ва тери қопламининг юза қаватларида бўртиб турувчи папулалар ҳосил бўлиши билан тавсифланувчи терининг сурункали жароҳатланиши), ҳашаротлар чақишига тери реакциясидан (оғриқли жароҳатлар яхши сезилади, яллиғланиш бўртиқчаси билан чегараланмаган, бўртмалар юмшоқ ва ёйилган), сўна личинкаси жароҳатларидан фарқлаш лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид