23:30 / 10.10.2018
16759

Учинчи рус. Петров ва Бошировнинг шериги исми айтилди

Фото: Фонтанка

«Скрипаллар иши»да янги тафсилотлар пайдо бўлиши давом этмоқда. «Фонтанка» нашри Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипални заҳарлашда гумон қилинаётган Александр Петров ҳамда Руслан Бошировнинг хабарчиси бўлган учинчи шахс ҳақида маълумот берди.

Нашр маълумотига кўра, Лондондагилар ушбу ишдаги учинчи гумонланувчи сифатида Сергей Федотовни тилга олмоқда.

«Кўринишидан, Скрипалга суиқасд тайёрлаш учун россияликларда бутун отряд бўлган», деган манба.

Бундан аввалроқ Czech Radio разведкадаги манбасига асосланган ҳолда Россия махсус хизматлари Сергей Скрипални ўлдириш мақсадида кўп вақтдан буён кузатиб келгани ҳақида хабар тарқатганди. 

Радиостанция маълумотларига кўра, россиялик жосуслар 2014 йилнинг октябрида Чехия Республикасига боришган. Хусусан, аслида Александр Мишкин экани айтилган Александр Петров 2014 йил 13-16 октябрь кунлари Острава шаҳридаги меҳмонхонада бўлган, сўнг Прагага жўнаб кетган. Манба маълумотларига кўра, аслида Анатолий Чепига экани айтилаётган Руслан Боширов 11 октябрь куни Чехия пойтахтига етиб борган.

Скрипаль эса ўша йилнинг октябрь ойи иккинчи ярмида Чехияга бориб, ушбу давлат разведкаси билан учрашмоқчи бўлган, деб хабар қилади радиостанция. Иддао этилишича, айнан Чехия разведкаси зобитлари ГРУ собиқ полковнигига кузатув олиб борилаётганини аниқлашга ёрдам беришган.

Сентябрь ойи охирида Британия махсус хизматлари Скрипалга суиқасдда учинчи иштирокчи ҳам борлигини маълум қилишганди. Бу шахс «Новичок» моддаси мамлакат ҳудудига олиб кирилишини ташкиллаштирган, Петров ва Бошировнинг келишига тайёргарлик ишларини бажарган.

Манбанинг ёзишича, Федотов 2014 йилда ҳам Петров ва Боширов билан бирга Чехияда бўлган. У Лондонда алоҳида ҳаракатланган ва кузатув камераларига муҳрланмаган.

Бундан ташқари, Федотов мартдан олдинроқ ҳам бир неча марта Лондонда бўлган, унинг шаҳарга охирги ташрифи 2 мартда қайд этилган, у Петров ва Боширов билан эмас, бошқа рейсда келган, аммо 4 март куни бу учлик биргаликда Россияга қайтиб учиб кетган. 

Буюк Британия ҳукумати сентябрь ойида Боширов ва Петровни март ойи бошида Бирлашган қироллик ҳудудида Скрипалларга асабни фалажловчи қурол билан ҳужум уюштирганликда расман айблади. Кейинчалик The Insider интернет-нашри ва Bellingcat тадқиқот гуруҳининг қўшма текширувида бу шахслар аслида ГРУ зобитлари экани маълум қилинди.

Мавзу
Скрипаль иши

Буюк Британия фойдасига жосуслик қилган ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль 4 март куни заҳарланди. Буюк Британия бу суиқасдда Россияни айблади

Барчаси
Top