Электр сими билан балиқ тутувчилар ёш йигитнинг умрига зомин бўлишди
2018 йилнинг бошида содир этилган бу мудҳиш воқеа кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Қишлоқ яқинидан ўтаётган “Шўрсой” канали томон чорва молини суғоргани борган (исм-фамилиялар ўзартирилган) Акмал Воҳидов бир бош сигири билан биргаликда электр токи уриши оқибатида воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди...
Хўш, аслида бу фожиа қандай рўй берган эди?
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига қарашли Қаҳрамон қишлоғида яшовчи Шокир Бадалов, Асқар Неъматов ва Носир Алиқулов анчадан буён ўзбошимчалик билан яқин атрофдаги симёғочларга симларни улаб, электр токи ёрдамида каналдан балиқ тутишни одат қилишган эди. Шу куни ҳам улар маслаҳатни бир жойга қўйиб, балиқ овига отланишди.
Бироқ Шокир ўзи билан олиб келган электр сими етмаганлиги боис, у қўшимча сим келтириш мақсадида уйга қайтиб кетади. Асқар билан Носир эса, у келгунга қадар ўзлари билан олиб келган электр сими ва балиқ тутиш учун мўлжалланган тўрни тахт қилиб қўядиган бўлишди.
Хуллас, шериклар Шокир келтирган қўшимча электр симини симёғочга улаб, қарийб 70 метр пастликдаги канал томон тортишади.
Кейин ҳамтовоқлар балиқ овлашга киришиб кетишади. Яъни, сув бетига ток уриш оқибатида қалқиб чиқаётган балиқларни тўрда тутиш билан овора бўлишади. Орадан кўп ўтмай эса, ток уланган симёғоч томондаги тепалик ортидан эшитилган молнинг кучли маъраши “овчи”ларни хушёр торттиради. Шундан сўнг, Асқар нима гаплигини аниқлаш мақсадида тепалик томон югуради. У қай кўз билан кўрсинки, қишлоқдоши Акмал мол билан ёнма-ён ҳолатда типирчилаб, жон талвасасида ётарди. Буни кўриб, қаттиқ қўрқиб кетган Асқар шоша-пиша шерикларини ёрдамга чақиради. Бироқ Акмалнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмайди.
Суд ҳайъати ушбу жиноят ишини атрофлича муҳокама этиб, судланувчиларни Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топди ҳамда уларнинг ҳар бирига нисбатан жазо тайинлаш баробарида, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг маълум қисми қопланганини ҳисобга олган ҳолда, қолган қисмини (солидар тартибда) ундириш ҳақида ҳукм чиқарди.
Мавзуга оид
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
10:40 / 08.10.2024
Ўрта Чирчиқда ноқонуний тарзда балиқ овлаган шахслар табиатга 42 млн сўм зарар етказди
23:17 / 23.09.2024
Хитойда 3D-принтер ёрдамида балиқ гўшти муқобили яратилди
08:10 / 06.09.2024