Жамият | 20:50 / 15.10.2018
31099
9 дақиқада ўқилади

Интернет йўқ – муаммо йўқ!

Ўргимчак тўри дея нисбат берилувчи интернетнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида ортиқча таърифга ҳожат йўқ. Арзимаган 10-15 йил ичида унинг аҳамияти шу қадар ошиб кетдики, бирор кунимизни интернетсиз тасаввур қила олмайдиган даражага етдик.

Интернет кундалик турмуш, илм-фан, иқтисодиёт каби соҳаларнинг барча жабҳаларига кириб бориш билан бирга кучли сиёсий қуролга ҳам айланди. Эндиликда ҳар қандай муҳим жараён расмий баёнот ва ахборотлардан ташқари виртуал оламда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда, аҳоли онгида бунинг ортидан турлича фикрлар шаклланмоқда ёки шакллантирилмоқда.

Яқин Шарқ минтақасидаги рангли инқилоблар, айниқса Мисрдаги Facebook таъсиридаги намойишлар қатор давлатларни чўчитиб қўйди ва интернетга нисбатан ҳадик даражаси ошиб кетди.

Кимдир интернет тезлигини кескин чеклаш устида ишласа, қайсидир давлатларда бу восита бутунлай блоклаб ташланди.

Хўш, қайси давлатларда интернет қатъий жиловлаб турилади?

Шимолий Корея

Шимолий Кореяда фақат 28та сайтга кириш мумкин
Фото: Flickr

Шимолий Корея ҳар қандай инқилоблардан илгари ҳам энг ёпиқ, энг катта чекловлар мамлакати сифатида рўйхатнинг бошида турарди. Рангли инқилоблар, дунёдаги сиёсий вазият қандай таъсир қилганини англаш қийин. Лекин шуниси аниқки айрим давлатларда миллионлаб сайтлар қайд этилган ҳозирги замонда Шимолий Кореяни олам билан боғловчи сайтлар сони бармоқ билан санарли. Борларида ҳам бу «буюк давлат»даги одамлар қанчалар бахтиёр яшаётгани, Шимолий Корея иқтисодиёти барқ уриб ривожланаётгани, мамлакат қудрати ва ҳарбий салоҳияти ҳар қандай империалистларни кунпаякун қилиб ташлаши ҳақидаги маълумотлар жойланган. Шунингдек, ватанни улуғловчи, мардликка чорловчи кам сонли қўшиқлар билан бирга Шимолий Кореянинг туристик зоналари ҳақида ҳам сўз боради.

Алоҳида боб сифатида «Мамлакат қуёши, буюк йўлбошчи ва иккала Кореянинг ҳам нажоткори» бўлган Ким Чен Иннинг суратлари ва нутқлари мавжуд.

26 миллионлик аҳолига эга бу давлатдаги интернетдан мунтазам фойдаланиш имкониятига эга бўлганлар сони бир неча ўн мингга ҳам етмайди ва бу барча давлатлар орасида мутлақ паст кўрсаткичдир.

Мамлакат ўзининг ички компьютерлараро тизимига эга ва бу тизимдан кўпи билан аҳолининг 4-5 фоизлик қисми фойдалана олади.

Куба

Фото: Евророуминг

«Озодлик ороли» узоқ йиллар уяли телефон, интернет ва ҳатто замонавий автомобиллардан холи ҳудуд сифатида «очиқ осмон остидаги музей давлат» бўлиб келди. Аммо рақамли тараққиётнинг неъматлари бу ҳудудни ҳам четлаб ўтмади.

11 миллиондан ортиқроқ аҳолига эга Кубада интернет бундан 7 йилгина муқаддам пайдо бўлди. Дастлабки йилларда ундан фақат давлат манфаатларида фойдаланилди. Аҳолига кейинчалик очилган интернет кафелардагина ўргимчак тўридан фойдаланиш имконияти берилди. Бундай хизматларнинг бир соати 4-5 долларни ташкил қилар, ўртача маош 20 долларни ташкил қиладиган Кубада бу фақат бадавлат инсонларнинггина чўнтаги кўтарадиган хизмат эди.

Охирги йилларда вазият қисман яхшиланган бўлсада, Кубада интернет ҳамон ҳамма фойдалана оладиган воситага айлана олмади. Фақат туристлар ташриф буюрадиган ҳудудларда Wi-Fi хизмати йўлга қўйилган, тезлик жуда паст, бор жойда ҳам одамлар қўл телефонлари билан тўпланиб олиб интернет тутишга уриниши бу давлатдаги доимий манзарадир.

Ҳиндистон

Кашмирдаги 2 ҳафталик ғалаёндан кейин
Фото: Tauseef Mustafa / AFP

Аҳолиси жиҳатдан тез орада дунёда биринчиликни эгаллаши кутилаётган (1 млрд. 366 млн. киши) Ҳиндистонда алоқа хизматлари яхши йўлга қўйилган, нархи ҳам у қадар қиммат эмас. Аммо тарихан диний, ирқий ва миллий зиддиятлар кўп кузатилган бу ҳудудда бугунги кунга келиб ҳам мураккаб сиёсий вазият сақланиб қолмоқда.

Охирги марта Кашмир ҳудудида 2016 йилнинг 9 июль куни интернет бутунлай ўчирилди ва 13 миллиондан ортиқ аҳоли деярли ярим йил интернетсиз қолди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Бурхон Вани маҳаллий аҳолининг ҳақиқий қаҳрамонига, афсонага айланганди. 15 ёшида у ўқишни ташлади ва «Ҳизбул Мужоҳиддин» исёнчилар гуруҳига қўшилди. 20 ёшидаёқ у отряд командирига айланди. Бурхон жанг майдонларидаги ғалабалари туфайли эмас, интернетдаги туркум роликлари учун машҳурликка эришди. Интернетда у тенгдошларини «озодлик ва жасурлик»ка ундовчи лавҳалар билан ўз сафига чорлар, вақт ўтгани сайин унинг шуҳрати ортиб борарди.

2016 йилнинг июлидаги махсус операция чоғида Бурхон Вани ўлдирилди. Ўшанда у 22 ёшда эди. Бурхоннинг дафн маросимига одамлар дарёдек оқиб кела бошлади ва табиийки интернет давлатдан, тузумдан ва умуман ҳаётдан норозиликларга тўлиб тошди.

Ҳукумат вазиятни назорат қилиш учун радикал чоралар кўришга мажбур бўлди. Бундай чоралардан энг биринчиси – интернет бутунлай ўчириб ташланди. Кўчаларда комендантлик соати жорий қилинди, ҳарбийларга тўпланиб турганларга кўздан ёш оқизувчи газ пуркаш, бўйсунмаганларга ўт очиш ҳуқуқи берилди.

Кейинчалик, 2017 йилга келиб интернет бу ҳудудга қайтарилди, аммо шунда ҳам асосий ижтимоий тармоқлар блокланиши давом этди.

Мьянма

Қувғинга учраган роҳинжалар
Фото: Daily Mail

Бу давлатда ҳам интернет деярли бутунлай блокланган. Дастлаб озодлик куйчиси, аср мазлумаси сифатида таърифланган, ҳаттоки тинчлик учун Нобель мукофотига лойиқ кўрилган Аун Сан Су Чжининг ҳокимият тепасига келиши ҳам вазиятни яхши томонга ўзгартирмади. Аксинча, мамлакат роҳинжа мусулмонларининг қирғин қилиниши ортидан геноцидга йўл қўйган давлатлар сафида кўрила бошлади.

Сиёсий ўйинлар кутилганидек интернет ривожига салбий таъсир қилмай қолмади. Ҳозирда Мьянмада мамлакат аҳолисининг 1-2 фоизигина интернетдан фойдалана олади. Жараён махсус кучлар томонидан қаттиқ назорат қилинадиган бу давлатда фақат интернет клублардагина жаҳон тармоғига уланиш мумкин.

Эрон

Фото: Коммерсант

Эронда интернет мавжуд, уяли алоқа тизими ҳам яхши ривожланган. Аммо интернетда цензура ниҳоятда кучли. Ҳар бир блогер махсус рўйхатдан ўтиши шарт, ҳар қандай чиқишлар назорат қилиб борилади. Давлат тузуми ва раҳбарларига қарши гап ёзиш уёқда турсин бундай изоҳларни маъқуллаш ҳам қаттиқ жазоланиши мумкин.

Венесуэла

Фото: Global Voices

Узлуксиз иқтисодий бўҳронлар, миллион карра инфляция, юқори жиноятчилик авж олган бу давлат бошқаруви билан интернетдаги эркин фикрлашни биргаликда кўриш мушкул албатта. Интернет Венесуэлада буткул ўчириб ташланмаган бўлса-да, маълум йўналишларни блоклаш амалиёти кенг қўлланилади.

Бундай давлатлар қаторига яна Тунис, Сурия, Хитой, Туркманистон, Сомали кабиларни ҳам қўшиш мумкин ва уларнинг ҳар бирида интернет маълум даражада чекловларга дучор бўлади.

Кўпчилик давлатларда ҳукуматлар ва махсус тизимлар асосан провайдерларга маълум йўналишларни блоклашни буйруқ бериш орқали чеклов усулини қўллашади.

Албатта, кўпчиликда савол туғилиши табиий, Ўзбекистондаги вазият қандай?

Ватанимизда интернетни чеклаш бўйича расмий буйруқ бўлгани бирор марта эълон қилинмаган. Аммо айрим хорижий сайтларга кириш доимий муаммо бўлгани ҳолда вақти-вақти билан маҳаллий сайтлар фаолиятида ҳам узилишлар кузатилади. Масалан, 2018 йилнинг 4-5, 14-15 октябрь кунларида YouTube видеохостинги ишламай қолгани қайд этилган. «Ўзбектелеком» бу узилишга ҳам алоқадор эмаслигини билдирган.

Дунёдаги энг йирик Facebook ижтимоий тармоғидаги узилишлар эса сўнгги пайтда мунтазамлик касб этиб қолди. Кўпчилик бу ҳолатга кўникиб, VPN (Virtual Private Network — виртуал хусусий тармоқ) тизим орқали ишлашни ўрганиб олишди.

 «Ўзбектелеком» АК бу ҳолатга алоқадорлигини ҳам рад этган.

«Бир неча кун мобайнида бир қатор фойдаланувчилар Facebook ижтимоий тармоғи ва бошқа веб-ресурсларга киришда муаммоларга дуч келмоқда. Facebook вакили узилишлар табиати маҳаллий эмас, балки глобал экани ҳақида расмий баёнот берди: Марказий Осиё ва Шимолий Европадаги бошқа мамлакатларда ҳам шундай муаммолар кузатилмоқда. Шунга қарамай, бир қатор оммавий ахборот воситаларида ижтимоий тармоқларга миллий оператор томонидан чеклов қўйилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

«Ўзбектелеком» АК фойдаланувчиларни чалғитувчи ушбу хабарни инкор этади. Бугунги кунда «Ўзбектелеком» АК маълумотлар узатиш тармоғи мунтазам равишда ишлаб турибди», дейилади баёнотда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид