Жамият | 19:25 / 16.10.2018
19997
6 дақиқада ўқилади

“Иқтидорли ёшлар” Республика форумида янги истеъдодлар кашф этилди

Ёшлар ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч, салоҳиятли ресурс ҳисобланади. Албатта, ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш орқали уларни юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айлантириш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи зиммасидаги энг муҳим вазифалардан саналади.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Жорий йилнинг 15 октябрь куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган «Иқтидорли ёшлар» Республика форуми ҳам ушбу мақсадларга қаратилган.

— Юртимиздаги барча ёшларнинг ташаббус ва иқтидорларини намоён этишлари учун қулай шарт-шароит яратиш, инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан ўзаро мулоқот майдонини яратиш, жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишлари учун ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев. — Мазкур форум иқтидорли ёшларни Республикада амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда фаолликка чорлаш, халқ манфаатлари учун бутун кучини, билими ва имкониятларини сафарбар қила оладиган ташаббускор, шижоатли ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Форум давомида иқтидорли ёшларга шўъбаларга бўлинган ҳолда аниқ фанлар, техника ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион ғоялар ва ишланмалар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фармацевтика соҳасидаги инновацион лойиҳалар йўналишларида мулоқот майдони яратилди. Унда ёшлар ўз лойиҳалари, ихтироларини намойиш этишди.

—Иқтидорли ёшларимиз форум орқали ўзаро мулоқот қилиб, янгиликлар билан танишиш баробарида амалий тажрибалар алмашди. Кўплаб кашфиётлар орасида ўз лойиҳасидаги камчиликларни англаб етган иштирокчилар ҳам бўлди. Аксарият технологиялар дунё стандартларида  белгиланган талабларга жавоб бера олмайди. Аммо уларнинг иқтидорини сўндирмаслик учун қолаверса, кучли рақобат майдони янгидан-янги инновацион ғояларни уйғотиши учун уларга қатнашиш чеклови қўйилмади. – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Баҳодир Кучаров. — 4 та йўналиш бўйича энг яхши 20 та ихтиро амалиётга татбиқ этиш учун саралаб олиниб, ислоҳотларни жадаллаштирувчи илғор инновациялар Ўзбекистон  ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилиши кўзда тутилган Фонд томонидан амалга ошириш учун молиялаштирилади.

Ёш иқтидор эгалари мазкур тадбирда аниқ фанлар, техника ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фармацевтика соҳасидаги керакли инновацияларга мавжуд эҳтиёжлар ва таклифлар билан ҳам танишишди. Лойиҳаларни амалга ошириш босқичлари, ихтиро гувоҳномасини олиш тартиби бўйича маълумотларга эга бўлишди. 

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Жиззах Давлат педагогика университети талабаси Абдулла Шарофиддинов ҳам форумга ўз лойиҳаларини тақдим қилди. У «Халқ оғзаки ижоди орқали болаларни маънавий тарбиялаш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш» мавзусидаги лойиҳаси орқали Ўзбекистон ёшлар иттифоқи стипендиясини қўлга киритган.

— Лойиҳа доирасида ҳудудларда тарғибот-ташвиқот ишлари самарали ташкил этилиб, ўқув-услубий қўлланмалар, рисолалар чоп эттирилди. Улар мактабгача таълим муассасалари ва умумий ўрта таълим муассасаларига тарқатилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали ҳам лойиҳанинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка таништирилмоқда, — дейди Абдулла Шарофиддинов. — «Оилада болаларни халқ оғзаки ижоди орқали тарбиялаш» ва «Болалардаги нутқ кўникмаларини шакллантириш» номли ўқув-услубий қўлланмалари орқали болаларнинг дунёқараши, тафаккур ва идрок жараёнлари шаклланади.

Тадбир якунида юқорида келтирилган 4 та йўналиш бўйича иштирокчиларнинг лойиҳалари муносиб рағбатлантирилиб, эътироф этилган ихтиролар Ўзбекистон ёш олимлар Кенгашига йўналтирилди.

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, кўриш ва эксплутация институти талабаси Мурод Муҳаммаджоновнинг лойиҳаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди.  “Автомобиль йўллари ва аэродромларда геосинтетик материалларни қўллаш” мавзусидаги лойиҳанинг асосий мақсади автомобиль йўллари йўл пойи ва қопламани геосинтетик материаллар билан кучайтиришнинг мавжуд усулларини такомиллаштиришдан иборат.

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

 —Лойиҳада автомобиль йўллари кўтармаси ва қиялигини гиосинтетик материаллар ёрдамида устуворликка ҳисоблаш усули ва чизмасини ишлаб чиқамиз. Гиосинтетик материаллар ва грунт орасидаги ўзаро таъсирчанликларини аниқлаш бўйича ускуна қурилмаларини тайёрлаймиз, — дейди Мурод Муҳаммаджонов. — Лаборатория шароитида грунт ва гиосинтетик материал орасидаги мустаҳкамлик кўрсаткичларини аниқлаш бўйича мавжуд усулларини такомиллаштириб, дала шароитида гиосинтетик материаллар билан кучайтирилган тажриба йўл пойини барпо этамиз. Унда кузатув ишларини олиб бориш орқали натижаларни таҳлил қиламиз.

Шаҳноза Нуруллаева

Мавзуга оид