Жамият | 19:55 / 16.10.2018
7682
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларнинг дўконини электрга “улаб”, ҳар ой улардан “соққа” олиб юрган фирибгар ушланди

Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар, “Наврўз” маҳалласида яшовчи фуқаро Ташбалтаев Юнус Юсупович Фарғона шаҳридаги савдо мажмуасида 2008 йилдан буён савдо йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келгани ҳолда давлат томонидан тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлардан фойдаланиш ўрнига қинғир йўлни танлади. Бу ҳақда KUN.UZ’га Республика МИБ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, Юнус Ташбалтаев савдо мажмуасининг “Е” блогида жияни А.Юсуфжоновга тегишли бўлган савдо дўконига ўрнатилган электр ҳисоблагич орқали электр энергияси етказиб бериши ҳақида 11 нафар тадбиркорни алдаб, уларнинг ишончига киради ҳамда уларга “ҳар ойда электр энергияси учун менга пул тўлайсизлар, электр таъминот корхонаси билан гаплашдим”, деб айтади.

Бироқ 11 нафар тадбиркорга тегишли савдо шохобчаларининг электр симларини электр ҳисоблагичга уламасдан жияни А.Юсуфжоновга тегишли савдо шохобчаси орқа тарафидан яширин йўллар билан симёғочга тўғридан‑тўғри улаб олиб, тадбиркорлардан ҳар ойда электр энергияси учун деб 100‑300 минг нақд пулларни йиғиб олаверган. Уларга “Якка тартибдаги тадбиркор Ташбалтаев Юнус Юсупович” юмалоқ муҳри босилган қалбаки тўлов ҳужжатлари тақдим қилиб келган.

Шу аснода, жиноят йўлини тутган Ташбалтаев давлатнинг озми‑кўпми нақд 75 млн. 867 минг сўмлик электр энергияси ўғирлаб, уларни 11 нафар тадбиркорлик субъектига ноқонуний равишда сотиб, давлат ва фуқаролар манфаатларига кўп миқдорда моддий зарар етказган.

МИБ Фарғона шаҳар бўлими томонидан Ташбалтаевга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши айблов хулосаси билан бирга жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида очиқ суд мажлисида             жорий йилнинг 29 сентябрь куни кўриб чиқилди.

Суд, Юнус Ташбалтаевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852‑моддаси 3‑қисми билан айбли деб топиб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд томонидан Ташбалтаевнинг 9,5 млн. сўм моддий зарар ўрнини қоплаганлиги инобатга олиниб, ундан 66,3 млн. сўм зарар ундирилиши белгиланди.

Келгусида Ташбалтаевдан давлатга тўланмаган 66,3 млн. сўм моддий зарар суммаси давлат ижрочилари томонидан тўлиқ ундириб олинади.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид