Ўзбекистон | 11:11 / 18.10.2018
14899
3 дақиқада ўқилади

Мактаб битирувчиларини рағбатлантириш янада такомиллаштирилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлар бўйича ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;

кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.

Қуйидагилар:

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин
ва кумуш медаль билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом;

Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло баҳоларга ўқиганлиги, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг тавсифи тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин
ва кумуш медалларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уларни ҳисобдан чиқариш мувофиқлаштирилишини;

умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медаллар ўқувчиларга холислик ва одиллик тамойилларига амал қилган ҳолда топширилишини таъминлайди.

“Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буюртмасига асосан ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларни тайёрлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид