Ўзбекистон | 14:07 / 18.10.2018
3583
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекгидроэнерго” “Русгидро” билан ҳамкорликни кучайтиради

Россия Федерацияси делегацияси ташрифи доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда Россиянинг “Русгидро” АЖлар ўртасида ҳамкорлик лойиҳаларини янада мустаҳкамлаш доирасида делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Ўзбекистон - Россия ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, гидроэнергетика соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорлик лойиҳаларни янада мустаҳкамлаш борасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов “Русгидро” АЖ Бош директорининг илмий ишлаб чиқариш ва лойиҳалаштириш бўйича  ўринбосари Кирилл Фролов ҳамда Москва “Гидропроект” АЖ институтининг операцион бошқарув ва стратегик ривожланиш бўйича директори Сергей Мачехин билан мамлакатда гидроэнергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида фикр алмашдилар. 

Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш жараёнлари хусусан, янги ГЭСларни қуришда икки мамлакатнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда соҳада мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Хусусан, бугунги кунгача жамият томонидан  “Русгидро” АЖга 30дан ортиқ мутахассислар малака ошириб қайтган.
 
Юқори даражада ўтган мулоқот давомида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Гидроэнергетика соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид масалалар ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Фото: Ўзбекгидроэнерго

Мазкур ташриф ва самимий ўтган мулоқот учун “Русгидро” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Кирилл Фролов ҳамда Москва “Гидропроект” АЖ институтининг операцион бошқарув ва стратегик ривожланиш бўйича директори Сергей Мачехин ўз миннатдорчилигини билдириб, келгусида амалга ошириладиган ҳамкорлик учун тайёр эканлигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид