Ўзбекистон | 12:54 / 19.10.2018
6467
2 дақиқада ўқилади

Божхоначиларга уй-жой қуриш учун ер участкалари олиш ҳуқуқи берилади

Фото: customs.uz

“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонун (янги таҳрирда) президент томонидан имзоланди, деб хабар қилмоқда Адлия вазирлиги телеграм-канали.

Қонундаги асосий ўзгаришлар: 

• божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш божхона органларининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди;
• тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун божхона органлари ходимларининг жавобгарлиги оширилди;
• ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-тамойилларида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича нормалар киритилди;
• божхона фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назорат техник воситаларини татбиқ этиш божхона органларининг асосий вазифалари қаторига киритилди;
• банк идораларига инкассо топшириқномалари ҳамда тақдимномаларини электрон шаклда тақдим этиш амалиёти киритилди;
• божхона органлари президент томонидан ташкил қилинишини белгиловчи янги норма киритилди; 
• божхона органлари ходимлари хизмат мажбуриятини бажариши, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириши чоғида жисмоний куч ишлатиш, махсус восита ва ўқотар қуролдан фойдаланиш шартлари, тақиқлари ҳамда ходимларнинг ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарлигини белгиланди;
• божхона органларининг доимий яшаш жойидан узоқда хизмат қилувчи ходимларга ижара компенсацияси тўлаш, уй-жойга муҳтож ва кўп йил бенуқсон хизмат қилган ходимларга уй-жой қуриш ёки квартира харид қилиш учун имтиёзли кредитлар, ер участкалари ажратиш ҳақидаги нормалар киритилди; 
• божхона органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тиббий муассасалар бепул тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий таъминот билан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид