Ўзбекистон | 02:23 / 20.10.2018
9221
3 дақиқада ўқилади

Адлия ва Мактабгача таълим вазирликлари боғчаларда қонунийликни таъминлаш бўйича янги ташаббусни илгари сурмоқда

Боғчалар фаолиятида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, коррупциявий омилларни олдини олиш мақсадида Адлия ва Мактабгача таълим вазирликлари қўшма кўрсатмани имзолашди. Бу ҳақда Kun.uzʼга Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилмоқда.

Эндиликда, боғчаларда юзага келаётган коррупциявий ва қонунни бузиш омилларни олдини олиш ва бу борада масъул ходимларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича боғчаларда ўрганишлар ўтказиш учун Адлия ва Мактабгача таълим вазирликлари ҳамда уларнинг қуйи тизимларида ҳамкорликда ишчи гуруҳлар тузилади.

Ўрганишларда мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилган болалар сонининг муассаса қамровига нисбатан ҳолати, уларда овқатланишни ташкил этиш ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги, боғча ходимларининг меҳнат интизомига риоя қилиш ҳолати сингари жиҳатларга алоҳида эътибор берилади.

Ишчи гуруҳлар боғчаларни ўрганиш жараёнида тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, аниқланган ҳолат юзасидан масъул ходимларини чақиртириш, улардан тушунтиришлар олиш, зарур ҳолларда мутахассислар жалб қилиш, улар билан биргаликда текшириш ўтказиш, ўрганиш натижалари бўйича айбдор ходимларга чора кўриш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларини бажаради.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳлари томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали боғчаларга йўлланмаларни бериш жараёнини ўрганиш мақсадида мунтазам равишда “сирли мижоз” тадбирлари ўтказиб борилади.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг марказий аппарати ходимлари томонидан фақатгина Мактабгача таълим вазирлиги раҳбариятини огоҳлантирган ҳолда боғчаларда рейдлар ўтказилиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу ҳужжат мактабгача таълим тизимида қонун устуворлигини таъминлаш, соҳада юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш ҳамда аниқланаётган коррупциявий ҳолатларни олдини олишга хизмат қилади.

Ота-оналар ва барча фуқароларимиз диққатига!

Боғчаларда қонуний ва коррупциядан холи фаолият йўлга қўйилиши жамиятнинг, қолаверса ҳар бир оиланинг биргаликда саъй ҳаракатларига ва назоратига боғлиқ. Шунинг учун, биз сизларни мазкур эзгу йўлда ва фарзандларимизга муносиб мактабгача таълим беришни таъминлаш йўлида ҳамкорликка чақирамиз. Ҳар қандай боғчаларда юз бераётган ноқонуний фаолият юзасидан асосли маълумотларга эга бўлсангиз, албатта бизга хабар беринг.

Мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ўрганиш натижасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилади.

Вазирликларнинг ишонч телефонлари:

1008 — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ишонч телефони;

(71) 236-79-24 — Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси.

(71) 215-52-79 — Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигининг ишонч телефони

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид