Жаҳон | 21:50 / 21.10.2018
7424
3 дақиқада ўқилади

Британия, Франция ва Германия Қошиқчининг ўлими бўйича изоҳ талаб қилди

Фото: AFP 2018 / Ozan Kose

Британия, Франция ва Германия қўшма баёнотида саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини кескин қоралади ва Саудия Арабистони ҳукуматини фожиа тафсилотларини зудлик билан аниқлашга чақирди.

"Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биноси ичида Жамол Қошиқчи шафқатсизларча ўлдирилгани ҳақида бир неча кун ташвиш билдирилди, аммо бу воқеанинг тасдиқланиши карахт аҳволга солиб қўйди. Қотилликни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди ва биз буни кескин тарзда қоралаймиз", — дейилади уч давлат баёнотида. 

Баёнотда Саудия томони 2 октябрь куни нима бўлгани ҳақидаги тафсилотларни тахминлар билан эмас, балки фактларга асосланган маълумотлар билан маълум қилиши сўралган. 

"Биз тергов айбдорлар аниқланмагунича ва керакли тарзда жавобгарликка тортилмагунича синчковлик билан давом эттирилишига чақирамиз. Бу борада саудиялик ҳамкорлар билан алоқада бўлиб турамиз", — дейилади баёнотда.

Шу билан бирга Бельгиянинг FN Herstal ҳарбий-саноат компанияси жойлашган Валлония региони ҳукумати Саудия Арабистонига қурол экспорт қилишга вақтинча тақиқ қўйиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари Вилли Борсю RTBF телерадиокомпаниясига берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Агарда Қошиқчининг ўлдирилиши ҳақидаги фактлар тасдиқланса, биз Саудия Арабистонига қурол етказиб беришни тўхтатиб қўйишимиз мумкинлигини истисно этмаймиз", — деди Борсю.

Валлония раҳбари Евроиттифоқнинг саудияликларга қарата баёнотида айтилган "жиддий ва синчков тергов ўтказилиши лозимлигини" қўллаб-қувватлади.

Саудия Арабистони FN Herstal мижозлари орасида қурол экспорти ҳажми бўйича учинчи ўринда туради. Маҳаллий ОАВнинг маълумот беришича, 2017 йилда компания Ар-Риёдга 157 миллион евролик қурол сотган. 

АҚШнинг Washington Post газетаси учун мақолалар ёзган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Туркияда, Саудиянинг Истанбулдаги бош консулхонасига кирганидан кейин ғойиб бўлган. Журналистнинг қайлиғи сўзларига кўра, ташқарида уни 5 соат кутган, кейин ичкаридагилар у аллақачон кетгани, уни кутиш шарт эмаслиги ҳақида айтишган.

20 октябрда Саудия Арабистони Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлганини тан олди. Журналистнинг иши бўйича мамлакатнинг 18 фуқароси қўлга олинган. Бундан ташқари, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд Умумий разведка хизмати раҳбари ўринбосари, генерал Аҳмад Асирийни ишдан бўшатган.

Мавзуга оид