Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Телба» Илон Маскнинг Tesla’си дунё автосаноатини «дафн этади»ми?
Жасур ғоялар инсониятни доим олдинга силжитиб келган. Биз кундалик турмуш тарзида фойдаланаётган қулайликларнинг ҳар бири ўз вақтида бирор «телба»нинг хаёлий «маҳсулоти» бўлган. Деярли ҳар бир «телба» ўз ғояси туфайли «ақли расо»лар томонидан мазах қилинган, даккилар эшитган. Ғоя ҳаётга татбиқ этилгандан сўнг эса дакки берувчилар ҳеч нарса кўрмагандек янги қулайликдан фойдаланиб кетаверган.
Илон Маск
Илон Маск Tesla компанияси асосчиси эмас. Аммо у 2004 йилда бу компанияга келганда, Tesla конвейерида фақат битта электромобил – нархи 100 минг доллар турадиган Roadster спорткари бўлган, холос. 2006 йилга келиб Маск компаниянинг янги, кўпчиликка хомхаёл бўлиб кўринган режасини овоза қилди: оммабоп электромобиллар ишлаб чиқариш.

Илон Маск билан таниш бўлганлар уни «уддалаб бўлмайдиган ишларга қўл урадиган одам» деб таърифлашади. Маск бирор-бир муаммо билан юзма-юз келганда, уни ҳар қанча тўлов талаб қилинмасин ҳал қилишга киришади ва бошқалар нореал деб ҳисоблаган ишларни мунтазам қилиб келади.
2006 йилда электромобил оммабоп бўлиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган – «электромобил албатта қиммат бўлади» деган фикр устувор бўлган эди. Шу боис, Маскнинг режаси жиддий қабул қилинмади, шунчаки бир телбанамо пиарга йўйилди. Аммо воқеалар ривожи бошқача кечди.
2012 йилда сотувга нархи 75 750 доллардан бошланадиган, бир бор қувват олиб, 502 километргача юрадиган бир двигателли Tesla Model S чиқди. 2012 йилнинг 12 ноябрида у Америкада Motor Trend журналининг «Йил автомобили» совринини қўлга киритди. Бу бошланиши эди.
2015 йилда компания Tesla Model X’ни, 2016 йилга келиб нархи 35 минг доллар турадиган, қайта қувватлантиришсиз 320 километр юрадиган Tesla Model 3’ни сотувга чиқарди.
Tesla Model X

Tesla Model 3

2017 йил ноябрь ойида компания 40 тонна юк билан 800 км юрадиган Tesla Semi тақдимотини ўтказди. Унинг сотувга чиқарилиши 2019 йилга мўлжалланган. Уни дунёдаги биринчи электр юкташигич дейишмоқда.
Tesla Semi

Сотиш ҳажми
Рақамлар: 2018 йилнинг август ойида Америка бозорида сотилган Tesla Model 3’нинг умумий нархи 1 млрд. долларни ташкил этди ва Tesla енгил автомобиллар сотиш бўйича Америкада пешқадамга айланди. Toyota Camry ва Honda Accord ортда қолиб кетди. 10 йил аввал буни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганди. Япония автосаноатчилари Америка бозорида етакчи ўринларни эгаллаш учун ўнлаб йиллар давомида меҳнат қилишган. Яқингача Америка автокорхоналарининг бирортаси японлардан ўзиб кетишни орзу ҳам қила олмаётган эди. Tesla Model 3 эса буни 13 ойда уддалади.

2018 йил 1 июль куни Илон Маск Tesla автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми ҳафтасига 7 минг донани ташкил этганини маълум қилди.
Сотиш услуби
Автомобилларни сотишда ҳам Tesla эски услубдан – мустақил дилерлар орқали, содда қилиб айтганда, дўконларда сотиш амалиётидан воз кечди. Сотиш Tesla’нинг интернет-сайти орқали амалга оширилади. Бу тизим Apple компанияси ўз маҳсулотларини сотиш тизимига ўхшайди. Tesla автосалонлари эса шунчаки кўргазма майдончаларидир.
Молиявий аҳвол
Компания инвесторлари сафида Google бунёдкори Ларри Пейж ва Сергей Брин, eBay асосчиси ва президенти Жефри Сколл, Daimler AG, Toyota ва Илон Маск. Биринчи босқичда ҳаммадан кўп маблағни (70 млн доллар) Илон Маск киритган.
Саккиз йил мобайнида компания зарарга ишлаб келмоқда. 2017 йилдаги зарар 2,24 млрд. долларни ташкил этди. Шунга қарамасдан, компаниянинг бозор капитализацияси ўсишда давом этди ва 64,25 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Бу билан Tesla капитализацияси General Motors ва Ford Motor каби компанияларникидан юқорилаб кетди.
Келажак
Илон Маск автомобил архитектураси бўйича янги ғояларни қабул қилиш ва ўрганишда давом этмоқда. 2019 йилда Model Y кроссовери тақдим қилиниши режалаштирилган. Беш йилдан кейин эса нархи 25 000 доллар бўладиган электромобиллар ишлаб чиқариш назарда тутилган. Бу эса электромобил нархи Америкадаги ҳамёнбоп автомобиллар нархи билан тенглашади, деганидир. Бу электромобиллар савдосини янада чаққонлаштиради.
Bloomberg нашрига берган интервьюсида Илон Маск Tesla электромобилларини Европада ишлаб чиқаришни кенгайтириш режаси ҳақида гапириб берганди. Ҳозирда Нидерландияда Tesla Model S йиғилмоқда. Европада серияли ишлаб чиқаришни Tesla Model 3’нинг «бюджет» туридан бошлаш мўлжалланмоқда. Бу 3-4 йилда амалга ошиши мумкин.
Супер «зарядчик»лар
Tesla «Суперқувватлагич»лар (ингл. Supercharger) — электромобилларни қувватлантириш станциялари тўрини яратмоқда. Бу станциялар қувватни асосан қуёш батареяларидан олади. 2015 йил ҳолатига келиб АҚШнинг барча асосий транспорт коридорлари станциялар билан қопланган бўлиб, мамлакатнинг бир четидан бошқа четига электромобилда етиб бориш имконини беради. Айни дамда «Суперқувватлагичлар» тўри Европа ва Осиё мамлакатларини қамраб олмоқда.
Tesla электромобилларини қувватлантириш неча пулга тушади?
Аккумулятор батареясини 85 кВт-соат қувват билан 40 дақиқа ичида 80 фоизгача қувватлантириш хизмати нархи электромобил нархига киритилган.
Қуввати тугаган батареяни қувватлантирилган батареяга тез алмаштириш (бир ярим дақиқада) роботлаштирилган технологияси 60-80 доллар туради.
2014 йилда Tesla ва Невада штати ўртасида тузилган битимга асосан қурилиши режалаштирилган заводда 2020 йилдан бошлаб йилига 500 минг дона батарея ишлаб чиқаради.
Автопилот
Илон Маск Tesla’га яна бир нарсани олиб келди – автопилот. Бу компаниянинг аввалги раҳбари Мартин Эберҳарднинг хаёлида ҳам йўқ эди. Tesla автопилотни муттасил мукаммаллаштириб бормоқда. Яқин ойларда Model 3’нинг Тинч океанидан Атлантика океанигача масофада ҳайдовчисиз юриши кўзда тутилган, келаси йилдан эса – автопилот шаҳарларда йўлга қўйилиши мумкин. Маскнинг эътироф этишича, Model 3 шу даражада амбицияли лойиҳа эдики, у муваффақиятсизликка учраса, компания барбод бўлган бўларди, автопилот лойиҳаси ҳам худди шундай – у ёки йўлдаги ҳалокатлар сонини бир неча баробар камайтиради, ёки дастурчилар эътиборидан яширин қолган хатолар аварияларга олиб келади ва компания қайта тикланиб ололмайдиган даражада зиёнга юз тутади. Маск шундай рискка боради, бошқаси бормасди.
Рақобатчилар
2018 йилнинг учинчи кварталида ишлаб чиқарилган автомобиллар сони бўйича Tesla Porsсhe ва Jaguar’дан ўтиб кетмоқда. Марра – бир кварталда 83 500та автомобил ишлаб чиқариш. Бу кўп эмасдек туюлади, аммо бу 5 млрд. доллар деганидир. Шу билан бирга, жорий йилнинг иккинчи чорагида компания тилга олинган рақобатчиларидан ортда эди.
Ҳеч бир компания ҳозирча Tesla’га рақобат қила оладиган унинг аналогини ярата олгани йўқ. Jaguar I-PACE, GM Bolt – бу ва бошқа маркалар технологик ортда қолишни бартараф қилишлари мушкул бўлади.
Tesla нафақат анъанавий автосаноатчиларга зарба бермоқчи, балки буни қисман уддалаб бўлди ҳам. АҚШда Tesla савдоси ўтган йил сентябрь ойидан бу йил сентябрь ойи оралиғида 563 фоизга ортди. Mercedes-Benz’ники эса 15,6 фоиз пасайди. Бу ҳали бошланиши. Келгуси йили Model 3 конвейердан икки баробар кўп ишлаб чиқарилади. 2020 йилда мазкур платформада кроссовер ишлаб чиқариш бошланади. 2023 йилда эса 25 минг доллар турадиган «тесламобил» ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Шаксиз омиллар ҳақида
Эркин иқтисодий муҳит ва ҳақ-ҳуқуқларнинг барқарорлиги инсониятни олдинга суришга Яратган томонидан сафарбар этилган «телба» қатламнинг иқтидори юзага чиқиши учун бирдан-бир яхши муҳитдир. Мансабдорларнинг ваколатлари қатъий чегаралангани, шахсий мулк дахлсизлиги қатъий таъминлангани, мустақил суд – буларсиз ақлан ва руҳан фаол мазкур ноёб ва шу билан бирга қимматли қатламнинг иши юришиши мумкин эмасди...
Forbes ва Wikipedia маълумотлари асосида Шокир Шарипов тайёрлади
Мавзуга оид
21:42 / 12.06.2026
Илон Маск — инсоният тарихидаги биринчи триллионер
16:26 / 12.06.2026
Илон Маск дунёдаги илк триллионерга айланиш арафасида: SpaceX акциялари сотувга чиқяпти
10:03 / 12.06.2026
Илон Маск 55 миллиард долларлик Terafab лойиҳасини илгари сурмоқда
08:50 / 12.06.2026