Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
SpaceX тарихдаги энг йирик IPOʻни амалга оширди
Америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли бўлган SpaceX компанияси тарихий молиявий натижага эришди. Компания ўзининг илк оммавий акциялар жойлаштириш жараёни (IPO) доирасида 555,6 миллион дона акцияни ҳар бири 135 доллардан сотиб, жами 75 миллиард доллар маблағ жалб қилди. Бу кўрсаткич IPO тарихидаги энг йирик натижа сифатида қайд этилмоқда.
12 июн куни компания акциялари Nasdaq биржасида расман савдога чиқарилади. Инвесторлар томонидан берилган баҳолашга кўра, SpaceXʼнинг бозор қиймати дастлабки босқичда 1,77 триллион долларга тенг бўлади.
Бу натижа Илон Маскни дунёдаги биринчи «триллионер»га айлантириши мумкин. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, SpaceX ва Tesla компанияларидаги улушларининг бозор қиймати асосида унинг умумий бойлиги 1 триллион долларлик маррадан ошиб кетади. Албатта, бу маблағ асосан акциялар қийматига боғлиқ бўлиб, «қоғоздаги бойлик» ҳисобланади.
Таққослаш учун, аввалги энг йирик IPO 2019 йилда Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефт компанияси томонидан амалга оширилган бўлиб, у вақтда компания қарийб 29 миллиард доллар жалб қилган эди.
Инвесторларга кенг имконият
NBC News маълумотларига кўра, SpaceX акцияларнинг қарийб 30 фоизини оддий инвесторларга таклиф қилишни режалаштирган. Бу АҚШ фонд бозоридаги анъанавий 10 фоизлик улушдан анча юқори ҳисобланади.
Компаниянинг 2026 йил май ойида тақдим этган IPO ҳужжатларида узоқ муддатли стратегияси ҳам очиб берилган. Унда Ойни ўзлаштириш ва Марсни колониялаштириш асосий мақсадлардан бири сифатида кўрсатилган. Шунингдек, астероидлардан фойдали қазилмалар қазиб олиш, Ойда энергия ишлаб чиқариш ва Ер орбитасида саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш каби лойиҳалар ҳам тилга олинган.
Катта даромадларга қарамай миллиардлаб зарар
SpaceX ҳозирча юқори даромад билан бирга катта харажатларни ҳам бошдан кечирмоқда. 2025 йил якунларига кўра компания 18,67 миллиард доллар тушум олган бўлса-да, соф зарари 4,94 миллиард долларга етган.
2026 йилнинг биринчи чорагида ҳам вазият шунга ўхшаш бўлган: компания тахминан 4,7 миллиард доллар даромад қилган, аммо 4,28 миллиард доллар зарар қайд этган.
Бунинг асосий сабабларидан бири — Starship супероғир ракета дастурига йўналтирилаётган улкан инвестициялардир. Ҳозиргача мазкур лойиҳага 15 миллиард доллардан зиёд маблағ сарфланган.
Starship келажакни ўзгартириши мумкин
SpaceX раҳбариятининг таъкидлашича, барча синовлар муваффақиятли якунланса, Starship ракета тизими йилнинг иккинчи ярмида тижорий парвозларни бошлаши мумкин.
Мутахассислар фикрича, ушбу ракета космосга одамлар ва юкларни етказиш харажатларини кескин арзонлаштиради. Шунингдек, Starlink сунъий йўлдошларини орбитага чиқаришда ҳам асосий воситага айланади.
Компания келажакда сунъий йўлдош интернетини бевосита смартфонларга етказиш технологиясини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Starlink — SpaceXʼнинг асосий даромад манбаи
IPOʻдан кейин ҳам Илон Маск компания устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолади. Унинг қўлида акцияларнинг 80 фоиздан ортиғи қолади.
Ҳозирги кунда SpaceXʼнинг энг катта даромад манбаи Starlink ҳисобланади. 2026 йилнинг биринчи чорагида ушбу хизмат 3,26 миллиард доллар тушум келтирган. Starlink хизматидан дунёнинг 164 та мамлакатида 10,3 миллиондан ортиқ мижоз фойдаланмоқда.
SpaceXʼнинг биржага чиқиши нафақат космик индустрия, балки глобал молия бозорлари учун ҳам муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Компаниянинг келажакдаги муваффақияти Starship дастури ва Марсни ўзлаштириш бўйича режаларнинг қай даражада амалга ошишига боғлиқ бўлади.
Мавзуга оид
08:30 / 08.06.2026
СССРдан SpaceX'гача: 68 йиллик космик пойга қандай ўзгарди?
08:17 / 01.06.2026
Маск: АҚШ армияси Starlinkʼни камикадзе дронларда қўллаган
08:55 / 23.05.2026
Дунёдаги энг йирик ракета яна фазога парвоз қилди
12:25 / 22.05.2026