Фан-техника | 15:17 / 22.10.2018
8749
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда аллергик касалликларни даволашнинг инновацион усули – экологик гулчанги қопқонлари тақдимоти бўлиб ўтди​

​Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Австриянинг Вена тиббиёт Институти ҳамкорлигида жорий йилнинг 22 октябрь куни InnoWeek халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда илк бора Тошкент шаҳрида 2та энг сўнгги авлод VPPS 2010 экологик гулчанги қопқонлари ўрнатилгани муносабати билан тақдимот ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Увэ Эдвин Бергер
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати

"Энди Тошкент шаҳрида мавсумий аллергияларни назоратга олиш имконияти пайдо бўлади. Бунда ҳозирча пойтахтимизнинг икки нуқтасига ўрнатилган гулчанги мониторинги станциялари ёрдам беради. Айни кунларда Мирзо-Улуғбек туманида жойлашган "Доктор Мақсудова инновацион клиникаси" ҳамда Олмазор туманидаги "Илғор технологиялар маркази"га ўрнатилган гулчанги қопқонлари гуллаган ўсимликларнинг чангларига бўлган аллергияни назорат қилиш имконини беради", дейди вазирлик мутасадди вакили. 

Таъкидлаш жоизки, бугунга кунда дунё аҳолисининг 20 фоизи аллергиядан азият чекади. Бу турли кўринишларда – тумов, конъюнктивит, тери қичишиши ва қизариши, ҳатто, бронхиал астма кўринишида намоён бўлиши мумкин. Жарроҳлик амалиётлари, хусусан, "Доктор Мақсудова инновацион клиникаси"да ўтказилаётган кўз жарроҳлик амалиётларидан кейин айрим ҳолларда пайдо бўлаётган асоратларнинг илдизи ҳам аллергияга бориб тақалаётгани маълум бўлмоқда. Айнан шунинг учун ҳам шаҳарлардаги аллергик вазиятни назоратда ушлаб туриш муҳим саналади.

Ҳозиргача аҳоли ҳаво чангланганини аллергия аломатлари пайдо бўлганидан кейин билади. Гулчанги мониторинги эса аллергия мавсумининг бошланишини олдиндан айтиб бериш, бу эса ўз навбатида касалликнинг ривожланишини аломатларини кескинлашишининг олдини олиш имконини яратади.

Гулчанги қопқонларида йиғилган чанглар лаборатория шароитида кучли микроскоплар орқали текширилади ва текширув натижалари ўпкамизга тушиши мумкин бўлган чанглар ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Таҳлиллар натижалари 2019 йилдан бошлаб, Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий сайтида эълон қилиб борилади.

Аллерголог-шифокорларнинг фикрича, айнан маълум мавсумларда шифокорларга мурожаат қиладиган беморларнинг аксарияти аллергиядан азият чекадилар. Гулчанги қопқонлари ёрдамида олинган маълумотлар орқали шифокорлар мавжуд аллергенлар доирасини торайтириши мумкин, бу эса ўз навбатида текширувларга камроқ вақт ва маблағ сарфланишига, тез ва аниқ ташхис қўйилишига олиб келади.

Мавзуга оид