Жаҳон | 21:37 / 05.08.2024
3806
2 дақиқада ўқилади

Google собиқ раҳбари ва америкалик генерал АҚШ келажак урушига тайёр эмаслигини маълум қилди

Уларнинг таъкидлашича, келажакда урушларни кўпроқ одам тўплаш ёки энг яхши самолётлар, кема ва танкларнинг жалб этилиши ҳал қилмайди.

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар ҳозирда келажак урушига тайёр эмас. Бу ҳақда АҚШ Штаб бошлиқлари қўмитасининг собиқ бошлиғи генерал Марк Милли ва Google корпорацияси собиқ раҳбари Эрик Шмидт Foreign Affairs журналига ёзган мақоласида қайд этди.

Мақола муаллифларининг фикрича, Украинадаги можарода қўлланилаётган келажак технологиялар жуда тез вақтда замонавий бўлиб қолмоқда. Улар дрон ва сунъий интеллект тизимларини бунга мисол қилиб келтирган. Янги технологиялар дунёнинг бошқа нуқталарида, масалан, Судан, Мянма, Ливия, Тоғли Қорабоғ ва Яқин Шарқдаги можароларда ҳам қўлланилмоқда.

Милли ва Шмидтнинг таъкидлашича, мамлакатлар ўз рақибларига қарши туриш учун янада илғор технологияларни яратишга уринмоқда. «Уруш доим инновацияларга турки бўлган. Бугунги кунда турткилар ҳайратланарли даражада жадал. Келажакда урушларни кўпроқ одам тўплаш ёки энг яхши самолётлар, кема ва танкларни жалб этиш ҳал қилмайди. Бунинг ўрнига уларда қуролланишнинг автоном тизимлари ва кучли алгоритмлар етакчилик қилади», — деб ёзади улар.

Мақола муаллифларига кўра, АҚШ бугунги кунда бундай келажакка тайёр эмас.

«Америка самолётлари, кема ва танклари дронлардан ҳимояланиш бўйича зарур тизимлар билан жиҳозланмаган. Ҳарбийлар ҳамон сунъий интеллектни қабул қилмади. Пентагонда эса ушбу хатоларни тўғрилашга йўналтирилган етарлича ташаббуслар йўқ ва унинг ҳозирги саъй-ҳаракатлари жуда секин олдинга сиджияпти», — дея таъкидлайди Милли ва Шмидт.

Муаллифларнинг қайд этилишича, агарда Қўшма Штатлар дунёдаги етакчи державалигича қолишни истаса, ўз йўналишини зудлик билан ўзгартириши керак.

Мавзуга оид