Ўзбекистон | 17:50 / 24.10.2018
7671
3 дақиқада ўқилади

Шахсларни жамоат ишларига жалб этиш чораларини такомиллаштириш таклиф этилди

Фото: Sputnik / Евгений Биятов

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида шахсларни жамоат ишларига жалб этиш чораларини янада такомиллаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар бермоқчиман. Таклифни амалга ошириш давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга, бюджет маблағларини тежашга ҳамда фуқароларимиз бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

“Давлат хизматларидан бири сифатида бўш иш ўринлари ва ишсизлар ҳақида маълумот берувчи онлайн банкоматни яратиш лозим. Бунинг учун туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ҳудудлар кесимида бириктирилган меҳнат инспектори ўз ҳудуди бўйича ишсизлар ҳақидаги маълумотларни электрон базага ҳафталик киритиб боради. Унда ишсизларга тегишли барча ҳужжатлар ва улар ҳақида электрон маълумотлар (Ф.И.О, маълумоти, яшаш манзили) акс этади. Ушбу банкомат кўринишидаги онлайн равишда ишловчи ускунани аҳоли гавжум жойларга жойлаштириш лозим. Банкоматдан фойдаланишга келган фуқаро ўз исми-шарифини ёзиши ва буюртмачи томонидан киритилган бўш иш ўрни, иш ҳақи, унинг манзили, иш талаблари ҳақидаги маълумотларни олиши лозим. Фуқаро ҳар бир жараёнга ўтаётганда, кўрсатмали белгилар уни йўналтириб туриши керак. Банкомат орқали фуқаро бўш иш ўрнини танлаши, онлайн меҳнат шартномасини туза олиши, шунингдек, меҳнат муҳофазаси, суғурта, бажарилиши талаб этиладиган иш қоидалари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлиши лозим”, - дейилади мурожаатда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси дирекцияси ва унинг ҳудудий вакиллари электрон тўлов хизматлари орқали фуқароларнинг иш ҳақларини назорат қилиши ва ойлик маошлари ўз вақтида тўлаб борилаётганини кўриб туриши лозим, деб ёзади петиция муаллифи.

Шунингдек, қонунчиликда жамоат ишларига бириктирилган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, уларнинг хавфсизлиги таъминлаш масалаларини ҳам назарда тутиш лозим. 

“Натижада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси дирекцияси ва унинг ҳудудлардаги вакилларининг иши енгиллашади, туман, шаҳар, маҳаллаларда буюртмачи томонидан тақдим этилган бўш иш ўринларини кузатиш ва ўрганиш имконияти яратилади, шунингдек, ишсиз фуқаролар иш билан таъминланади”, - дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ автотранспортдан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олиш тизимини бекор қилиш таклиф этилганди.

Мавзуга оид