22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ҳукумати 2021 йилдан лотин ёзувига тўлиқ ўтишни режалаштираётгани, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамда Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов имзолаган Ҳаракатлар режасида шундай белгилангани ҳақида май ойида хабар берилган эди.

Бу борада лотин алифбосини янада қулайлаштириш учун ишчи гуруҳ ташкил этилиб, қарийб икки йил давомида улар улкан ҳажмда иш олиб боришди. «Фейсбук» ижтимоий тармоғида «Ўзбек тили жонкуярлари» гуруҳи ташкил этилиб, турли таклифлар вариант муҳокамага ташланди, қизғин баҳслар бўлиб ўтди.

Шу масалаларга бағишланган конференцияда лотин ёзувига асосланган жорий алифбомиздаги бир неча ҳарфлар ўзгартирилиши бўйича таклифлар берилган. Бу якуний маслаҳатлашув экани, яъни ишлар шу йўналишда олиб борилиши қайд этилган.

Киритилиши кутилаётган янги ўзгаришларга кўра:

Ў (O‘ o‘) — Ŏ ŏ

Ғ (G‘ g‘) — Ğ ğ

Ш (Sh sh) — Ş ş

Ч (Ch ch) — Ç ç шаклида ёзилади, Ng — алифбодан олиб ташланади ва унинг талаффузи ўқитиш жараёнида алоҳида тушунтирилади.

Менга ва бошқа кўпчиликка ҳам ёқмаган жиҳат: «Ch, ch» ҳарф бирикмаси ўрнига «Ç, ç» жорий этилиши муносабати билан алифбога «С» ҳарфини жорий этиш ҳам таклиф этилмоқда ва бу ҳарфдан «Жон», «жўжа» сўзидаги «Ж» ҳарфи ўрнида фойдаланиш мўлжалланмоқда: con, cŏca.

Жорий лотинча алифбодаги «J, j» ҳарфи ҳам қолади, ундан «журнал», «жирафа» каби сўзлардаги сирғалувчи «Ж» ўрнида фойдаланиш мўлжалланмоқда: jurnal, jirafa.

Филолог Шаҳноза Тўрахўжаева Фейсбукдаги саҳифасида буларнинг бариси «Ç» ҳарфини алифбога киритиш учун қилинаётганига урғу берди. Яъни, «С»ни киритмай туриб унинг асосида ясаладиган «Ç»ни киритиш мантиқсиз, дейишмоқда экан олимларимиз.