“Ёш бизнес тренерлар ассоциацияси”ни тузиш таклиф этилди
Куни кеча Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ёшлар оромгоҳи”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ва ёш бизнес тренерлар учун Республика ўқув-семинари ташкил этилди.
Ўқув-семинар Республиканинг барча туман ва шаҳарларида аҳолига, хусусан, ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатувчи, тадбиркорлик соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғибот қилувчи ёш бизнес тренерлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилди.
Иштирокчилар учун тренинглар ва амалий машғулотлар 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда халқаро бизнес тренерлар томонидан ташкил этилди. Ўқув семинарда республиканинг барча туман-шаҳарларидан 260 нафар ёшлар иштирок этиб, билим ва кўникмаларини оширди.
“Бизнес билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларда, аввало тадбиркорлик тафаккурини шакллантириш керак”
- Биз ёш бизнес тренерларни, энг аввало, президентимиз, ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган энг сўнгги қонун ҳужжатлари, қарор, фармонлар билан таништирдик. Чунки эртага улар ушбу янгиликларни ўз ҳудудидаги тенгдошларига етказишда кўприк вазифасини ўтайди. Бу жараённи биз турли интерактив методлар орқали амалга оширдик. Чунки ёш тренер халқона, содда усулда бошқа ёшга ҳам ушбу маълумотларни осон тушунтириши керак. Биласизми, бизнес оғир соҳа, бирор ёш бизнес билан шуғулланиши учун унда тадбиркорлик тафаккурини шакллантириш керак. Лидерлик, тезкор қарор қабул қилишга ўргатиш керак. Биз семинар тингловчиларига худди шу хислатларни уйғотиш йўлларини тушунтирдик, – дейди бизнес тренер Алишер Исломов.
Ўқув-семинар давомида ҳудудлар кесимида иштирокчилар ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид бўлган турли мавзуларда тақдимот қилдилар. Ушбу тақдимотлар экспертлар (халқаро бизнес тренерлар, Марказнинг раҳбар ва масъул ходимлари) томонидан баҳолаб борилди.
Андижон, Жиззах, Хоразм, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро вилоятлари иштирокчиларининг тақдимотлари экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Хусусан, Андижон вилояти иштирокчилари томонидан “Ёш бизнес тренерлар ассоциацияси”ни тузиш таклифи илгари сурилди.
– Бизнинг лойиҳаларимиздан бири Андижон вилоятида “Ёш бизнес-тренерлар” ассоциацияси ташкил этишдир. Бу орқали вилоятимиздаги ҳар бир тадбиркорликка қизиқувчи ёшни тадбиркорлик соҳасига қизиқтиришимиз осон бўлади. Уюшмаган ёшлар учун тадбиркорлик фаолияти бўйича семинар-тренинглар ташкил этиб, уларнинг ҳам кредитлар олишларида амалий ёрдам бера оламиз, – дейди Ёдгорбек Мадаминов.
Муаммолар ва таклифлар
Шунингдек, ўқув-семинар давомида ёш бизнес тренерлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотда ёш бизнес тренерлар фаолиятида учрайдиган муаммолар, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди.
Муҳокамалар давомида қуйидаги муаммолар аниқланди:
- бугунги кунда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган аксарият ёшларда тадбиркорликка оид билим-кўникма етарли даражада шаклланмаган;
- юртимизда тажрибали бизнес тренерлар етишмайди, бизнес тренерларни тайёрлаш, уларни малакасини ошириб бориш бўйича тизим мавжуд эмас;
- ёш бизнес тренерларни ўз устида ишлашга ундовчи, уларни ўсишини таъминлайдиган даража берувчи тузилма мавжуд эмас.
Ўқув-семинар якунида халқаро бизнес тренерлар, соҳа мутахассислари томонидан “Ёш бизнес тренерлар мактаби” фаолиятини ташкил этиш, ёш бизнес тренерларни тайёрлаш, уларни малакасини ошириш, Ўзбекистонда бизнес тренерлик соҳасини ривожлантириш бўйича концепция ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази қошида Республика бизнес тренерлар Кенгаши фаолиятини ташкил этиш, ёш бизнес тренерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тажрибали бизнес тренер бўлиб етишиши учун тизимли механизм ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.
Мавзуга оид
13:27 / 07.01.2022
«Бирор фикрни қабул қилиш учун, қалб очилиши керак» — ғояларни етказиш ҳақида
18:55 / 31.12.2021
“2016 йил бизнесдан четлатилдим, ишсиз қолдим, шофёр бўлишга ҳам тайёр эдим...”
10:30 / 31.12.2021
«Савдони ошириш учун маҳсулот турини кенгайтириш эмас, балки уни оптималлаштириш зарур» - эксперт
20:50 / 24.12.2021