Жамият | 20:40 / 26.10.2018
17210
6 дақиқада ўқилади

Матбуот: Газетачиликнинг оғриқли нуқталари

Ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида бот-бот муҳокама қилинаётган «Газетанинг келажаги борми?» деган саволга жавоб бериш вақти етди. Унутмаслик керакки, жамиятда матбуотнинг ўрни ҳеч қачон йўқолмайди, аксинча, янги рақобатда у янада тобланиб, ўзининг янги қирраларини очиб, умрбоқийлигини сақлаб қолади.

Интернет тармоқлари ва онлайн нашрлар фонида матбуот «чалажон» бўлаётир, деган хавотирнинг пайдо бўлиши ҳам интернет ва ахборот воситалари (жумладан, босма) ўртасидаги ўзига хос фарқнинг аниқлашмаётганидан далолат беради. Ҳақиқатан ҳам интернет нашрлари матбуотнинг функциясини тўлиқ бажариб, босма нашрларнинг тарихга айланишига асос бўла оладими? Йўқ. Бу қатъий жавобнинг аниқ мисоллари бор. Бунинг учун биз аввало, босма ва онлайн ОАВнинг умумийлиги ва ўзига хослигини, афзалият ва камчиликларини яхши тушуниб олишимиз керак.

Интернетнинг оммавийлашгани ҳисобидан босма ОАВ ўқувчилари камайди, деган фикр ҳам у қадар тўғри эмас. Сабаби «Интернет пайдо бўлиб, энди газета ўқимай қолдим», деган инсонни учратмадим.

Бизнинг фикримизча, матбуот, жумладан, газеталар тиражининг кескин камайиши, оммалашув даражасининг пасайишининг ўнлаб сабаблари мавжуд.

Жумладан, нашрлар ўқувчиларининг эҳтиёж ва талабларига ўз вақтида эътибор қаратмади. Кейинги йилларда босма нашрларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб, савия ва даражаси тушиб кетди. Жамиятдаги муаммога ОАВнинг муносабати сезилмади, муносабат билдирилганда ҳам вазият ўзгармади. Ва энг катта камчиликлардан бири - матбуот тарқатувчилар нашрларни ўз вақтида ўқувчиларга етказиб бермагани ҳамда соҳада етук ва профессионал кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ.

Тан олиб айтиш керакки, энди бу каби муаммоларни ҳал этиш учун зарур имконият ва шароит яратилди. Кўплаб нашрлар ўзи белгилаган қобиқдан чиқиб, танқидий-таҳлилий, мунозарали мақолаларни эълон қила бошлади. Халқнинг фикри, муаммога мутасадди раҳбарнинг муносабати тўғридан-тўғри оммага ошкор этилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда сўз эркинлиги ва ошкоралик принципининг амал қилиши ва ОАВнинг бир қадар эркин фаолият кўрсатаётганидан далолатдир.

Айниқса, жамиятдаги нуқсонларни ошкора айтиб, уни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар, жумладан, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик инсон ҳуқуқларининг мамлакатимизда устувор эканлигининг исботидир. Бу жараёнларда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини оширишга оид чора-тадбирлар доирасида ўқитувчилар маошидан турли мақсадларда, жумладан, газета ва журналларга мажбурий обуна, коммунал тўловлар, турли тадбирлар чипталарига мажбурий равишда олиб қолиш ҳам тақиқланади. Аниқроқ қилиб айтсак, энди мажбурий обунага барҳам берилди. Бу мажбурий обуна умидида мудраб ётган баъзи муҳаррирларни уйғотадиган қўнғироқ бўлди. Афсуски, бунга ҳамма таҳририят ҳам тайёр эмас. Шунинг учун кўплаб босма нашрлар ўз фаолиятини тугатиши табиий. Бироқ бу матбуот энди тарихда қолди дегани эмас. Чунки газетачиликнинг ҳали янги имкониятлари борки, ундан оқилона фойдаланишимиз зарур.

Яна бир гап. Энди обуна мажбурий эмас, деб умуман газета-журналларга обуна бўлмайдиган инсонлар кўпаяди. Бироқ бу умуман обуна бўлма, газета ўқима, дегани эмас. Аксинча, энди одамларнинг ўзи қайси нашрга обуна бўлишини ҳал қилиши зарур. Яъни, ўзини ҳурмат қиладиган, оиласи, фарзандларининг саводли бўлишини истайдиган, юртимиздаги воқеа-ҳодисалар, тафсилотлар ва янгиланишларни мунтазам кузатадиган одам, албатта, газеталарга обуна бўлади, мутолаа қилади.

Хўжалик ҳисобида кун кўрувчи таҳририятнинг иқтисодий ҳолати, ижтимоий мавқеи ва ижодий жамоасидаги маълум бир муаммолари қаторига яна бир янги муаммо қўшилди. Бу газетани обуначиларга ўз вақтида тарқатиш ва обуна пулларининг ўз вақтида таҳририят ҳисоб рақамига тушишидир. Гап шундаки, сўнгги вақтларда обуна уюштирувчи ташкилотларнинг аксарияти шартномада кўрсатилган мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганликлари сабаб таҳририятларда кўплаб муаммолар вужудга келмоқда. Ваҳоланки, матбуот тарқатувчи ташкилотларнинг аксарияти шартнома тузиш учун таҳририятга келиб, «Газетаниям, пулиниям ўз вақтида етказамиз...», деб ваъда беришади-да, ишлари битгач, ғойиб бўлишади. Масалан, бизнинг таҳририятимизга ҳозирги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган 12та матбуот тарқатувчи ташкилотлардан 8таси ҳали-ҳануз обуна пулларини тўлаганича йўқ. Уларнинг баъзиларини на манзили ва на телефон рақамлари маълум. Шартномада кўрсатилган манзил ва телефон рақамлари бошқаларга тегишли.

Хуллас, ваъдабоз обуна уюштирувчи ташкилотлар билан боғлиқ муаммо ва тушунмовчиликлар газеталарда мавжуд.

Соҳага оид муаммоларни ёзиш мушкул эмас. Қийини унинг ечимини топишда. Шу маънода матбуот олдидаги муаммоларни бартараф этиш учун қуйидаги таклифларимни билдирмоқчиман:

- матбуот фаолиятига ёндашувни ўзгартириб, бозор иқтисодиётидан келиб чиққан ҳолда маркетинг ишлари тўғри йўлга қўйилиши лозим. Бу ўз навбатида босма нашрларнинг тўлиқ мустақил бўлишини таъминлайди;

- матбуотда эълон қилинган таҳлилий-танқидий, долзарб ва баҳс­талаб мақолаларни масъул раҳбар ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилиш зарур. Чунки газетада минглаб муаммо ва камчиликлар ҳақида бонг урилса-ю, унга масъул соҳа вакиллари, раҳбарлар бефарқ бўлса, фаолият самарасиз бўлиб қолади.

- нашрларнинг ўз вақтида обуначига етказилиши ва маблағларнинг ўз вақтида таҳририят ҳисоб рақамига  тушишини қатъий назорат қилиш лозим.

Хуллас, матбуот соҳасидаги муаммоларни «Интернет борку...» қабилидаги баҳона билан эмас, аксинча, пухта ўйланган аниқ концепция ва таҳлиллар асосида ўрганишимиз, уларни бартараф этиш учун ҳаракат қилишимиз даркор. Шундагина биз фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини бўлган босма оммавий ахборот воситаларининг янги ривожланиш босқичига чиқа оламиз.

 Баҳодир РАҲМОНОВ,

«Овози Самарқанд» газетаси бош муҳаррири.

Мавзуга оид