Ўзбекистон | 01:52 / 26.10.2018
8855
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги кам таъминланган оилаларга янги уйлар топширилди

“Обод маҳалла” дастури доирасида Тошкент шаҳрида давлат раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан секторлар миқёсида маҳаллалардаги муаммо ва камчиликлар, фуқароларни қийнаб келаётган оғир масалалар ўрганилиб, улар бартараф этилмоқда. Жумладан, пойтахтнинг Олмазор тумани “Иброҳим ота” МФЙда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар учун 48 та хонадон қуриб фойдаланишга топширилди.

Фото: facebook/Xalq bilan muloqot гуруҳи
Фото: facebook/Xalq bilan muloqot гуруҳи

“Обод маҳалла” дастури асосида “Иброҳим ота” МФЙнинг Чуқурсой кўчасида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 қаватли 7 та, жами 102 та хонадондан иборат уйлар қурилиши режалаштирилган эди. Жорий йилнинг август ойида 30 хонадонни қамраб олган 2 та уй ўз эгаларига топширилган бўлса, куни кеча яна 48 хонадонга уй эгалари кўчиб кирди.

Фото: facebook/Xalq bilan muloqot гуруҳи
Фото: facebook/Xalq bilan muloqot гуруҳи

1956 йилда туғилган Шоира Саидова 2-гуруҳ ногирони. У шу кунгача 1 сотихдан иборат 2 хонали ҳовлида ногиронлиги бўлган қизи Шоҳиста Ҳакимова ҳамда яна 5 жон билан бирга истиқомат қилиб келар эди. Унинг ҳам Президент Халқ қабулхонасига мурожаати инобатга олиниб, онахонга тўлиқ жиҳозланган хонадон берилди.

Сарсон-саргардонлик, уйма-уй кўчиб юриш машаққати нима эканини Фотима Мирзаева ва унинг турмуш ўртоғи Миржалол Ғуломов ўз бошидан ўтказди. Ота-онаси, бирор-бир яқини бўлмаган Фотимахон турмуш ўртоғи билан муқим яшаш жойига эга бўла олмай, кўп азобли кунларни қаритди. 1 нафар қизчасини тарбиялаётган ушбу ёш оилага ҳам 2 хонали шинам уй калити топширилди.

2-гуруҳ ногирони Тўлаган Миракмалов 3 та оила яшайдиган 2 сотихли ҳовлида оиласи билан анча қийналиб қолган эди. Республика ишчи гуруҳи томонидан унинг ҳам турмуш шароити ҳар томонлама ва холис ўрганилиб, масъул комиссия хулосаси асосида унинг оиласига ҳам 3 хонали уй ажратилди.

Эътиборли жиҳати, 1,2,3 хонали замонавий, тўлиқ жиҳозланган мазкур хонадонлар фуқароларга ҳеч қандай тўловларсиз берилмоқда. Албатта, мазкур жараёнда, энг аввало, уй-жойга ўта муҳтож, ногиронлиги бўлган, ижтимоий аҳволи оғир фуқароларга эътибор қаратилмоқда.

Фото: facebook/Xalq bilan muloqot гуруҳи
Фото: facebook/Xalq bilan muloqot гуруҳи

Фойдаланишга топширилган янги кўп қаватли турар-жойлар атрофида аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида спорт ва болалар майдончалари барпо этилган. Янги қурилган турар-жой бинолари, мавжуд уйларнинг капитал таъмирдан чиқарилган фасад қисмлари, равон кўчалар – буларнинг барчаси маҳаллада гўзал, чин маънодаги обод муҳитни вужудга келтирган.

Янги уйларни ўз эгаларига топшириш маросимига мезбонлик қилган янги маҳалла маркази биносининг очилиши ҳам аҳоли учун яна бир катта совға бўлди. Марказда маҳалла раиси ва унинг ёрдамчилари, профилактика инспектори хоналарида ишлаш учун барча қулайлик яратилган. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари, турли йўналишдаги илмий-оммабоп китоблар, даврий нашрлар мавжуд кутубхона эса кексаю ёшнинг севимли масканига айланиб улгурган.

Маҳалладаги ёшларнинг касб-ҳунарга эга бўлишини таъминлаш мақсадида “Ёшлар меҳнат гузари” ҳам бунёд қилинди. Ушбу марказда компьютер саводхонлиги, тикувчилик ва тўқувчилик, сартарошлик, чет тили тўгараклари ташкил этилган. Фидокор ёшлар гуруҳи ҳамда кутубхона фаолияти йўлга қўйилган. Маҳалла ўғил-қизлари бўш вақтларида устоз-шогирд анъанаси асосида касб-ҳунар ўрганмоқда.

Мавзуга оид