Спорт | 02:15 / 28.10.2018
7677
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бадминтон марказининг очилиш маросими ўтказилди

27 октбярь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадминтон федерацияси янги марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда таниқли спортчилар, ҳукумат вакиллари ва журналистлар иштирок этди. 

Видео: Tas-IX

Видео: YouTube

Видео: facebook

Тадбирни федерация раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

- Бадминтон спортига шу кунгача эътибор берилмай келинаётган эди. У, аслида, халқ орасида кенг тарқалган спорт турларидан бири ҳисобланади. Бадминтонни дунёда футболдан кейинги ўринда турувчи оммавий спорт турлари қаторига қўшиш мумкин. Марказнинг очилиши Ўзбекистонда бадминтонни оммалаштириш учун ташланган илк қадам бўлди. Келажакда бу спорт турини янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз, - деди А. Абдуҳакимов.

Тадбир давомида таниқли спорт арбоби, ФИФА ҳаками Равшан Эрматов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

- Бу спорт футболдан кейинги оммавий спорт деган сўзга тўлиқ қўшиламан. 1-ўринда футбол, 2-ўринда бадминтон. Ушбу янгиликни эшитиб хурсанд бўлдик. Тилагимиз Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтарадиган спортчилар сафи кенгайсин.

Соҳада кутилаётган ишлар бўйича ҳукумат вакиллари билан ҳам суҳбатлашилди. Жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари Шарифжон Мўминжонов шундай деди:

- Спортнинг бадминтон турига юртимизда эътибор кучайиб бормоқда. Ушбу спорт турини ривожлантириш шахсан давлат раҳбари назоратида. Яқин келажакда мактабларда, спорт мажмуаларида ва турли ўқув муассасаларида уни кенг тарғиб этиш режалаштирилган.

Тадбир сўнгида бадминтончилар ўртасида баҳслар ўтказилди ва байрам дастурхони ёзилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид