“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган мазкур эзгу ғоя мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил этади. Айни шу жиҳатдан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегияси асосида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, уларнинг бугун бахтли яшашини таъминлаш, эртанги кунини янада ёруғ қилиш мақсадида давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ҳамда имкониятлари сафарбар этилмоқда. Эътиборлиси, рўй бераётган ўзгаришларнинг дастлабки натижалари юртдошларимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Юртбошимиз ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятларда бўлганларида оддий одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган масалаларни ўзларидан эшитиб, ҳал этмоқда. Бу эса барча раҳбарлар учун ибрат сифатида хизмат қилаётир. Чунки авваллари мутасаддилар кабинетда ўтириб ишлагани учун ҳудудидаги аҳволдан, мавжуд вазиятдан деярли бехабар эди. Турли ҳисоботлар, қоғозда акс этган кўрсаткичларга ишонилиб, шундан хулоса чиқариларди. Ваҳоланки, ҳақиқий ҳолат бутунлай бошқача бўлган. Фуқаролар муаммоларига ечим топа олмай қийналган. Бугун эса раҳбарлар кабинетдан ташқарига чиқиб, жойларда аҳолини безовта қилаётган долзарб масалалар, ҳақиқатан ҳам  кўплигига амин бўляпти, уларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда. Натижада одамларнинг кайфияти ўзгариб, эртанги кунга ишончи ортяпти.

Лекин ҳали бажариладиган вазифалар жуда кўп. Қабул қилинган қонунлар, Президент Фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларида қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси катта масъулият талаб қилади. Хўш, бугунги кунда Сурхондарё вилоятида бу борадаги ишларнинг аҳволи қандай? Қурилиш ва ободонлаштириш жараёнлари, тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, устувор соҳалар бўйича нималар қилинмоқда? Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир ПЎЛАТОВ билан суҳбатимиз шу хусусида бўлди.

— Бугун барчамиз катта ўзгаришлар даврида яшаяпмиз, — дея сўз бошлади Баҳодир Бахтиярович. — Давлатимиз раҳбарининг эзгу ғоялари, ташаббуслари асосида жонажон Ватанимиз ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Ана шу жараёнлар бутун мамлакатимиз бўйлаб, энг олис ҳудудларни ҳам қамраб олгани билан диққатга сазовордир. Бундан ташқари, юритилаётган прагматик ташқи сиёсат туфайли узоқ ва яқин давлатлар билан дўстона алоқалар мустаҳкамланиб, ҳамкорликда қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилаётир. Шунга мос равишда вилоятимизда ҳам дастурий вазифалар ижроси натижасида ҳудуд тобора равнақ топиб бормоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10-11 февраль, жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарёга ташрифи чоғида берган йўл-йўриқ ва маслаҳатлари, топшириқлари, тавсиялари вилоят аҳлини янада руҳлантириб, шижоат билан ишлашга ундади.