Ҳозирда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш давом эттирилмоқда.

Адлия вазирлиги телеграм-каналининг ёзишича, ушбу уйлар дастлабки бадали қуйидагича:

• 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10 фоиз миқдорида;
• 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25 фоиз миқдорида.

Ушбу уйларни олиш учун ипотека кредитлари 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади.

Хўш, бу уйларни қандай олиш мумкин? Бунинг учун албатта сиз уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилишингиз керак.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга қуйидагилар киради:

• турар жойи йўқ ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаётган оилалар;
• бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила;
• кўп болали оилалар;
• тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар);
• даромади юқори бўлмаган оила (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоригача тўғри келадиган оила);
• таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила;
• уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар эндиликда туман ҳокими ҳузурида ташкил этилган доимий комиссияга мурожаат этиб, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни олиш учун керакли ёзма тавсияни олиш учун уй-жойи йўқлиги тўғрисида асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мазкур низом талаблари асосида ишлаб чиқилган анкета-аризани комиссия раиси (туман ҳокими) номига ёзиш билан мурожаат этишлари мумкин.