Жамият | 10:18
2396
2 дақиқада ўқилади

Зарафшонда кўп қаватли уйдаги хонадонда бассейн қуриб олингани аниқланди

Кўп қаватли уйнинг 1-қаватида яшайдиган уй эгаси хонадонига бассейн қуриб олгани маълум бўлди. У ертўланинг бир қисмини ноқонуний эгаллаб, унга тушиш учун уйидан йўлак ҳам очиб олган. Мулкдорга нисбатан 20 млн сўмдан ортиқ жарима қўлланиб, унга хонадонни аввалги ҳолатига қайтариш мажбурияти юкланган.

Инспекция эълон қилган видеодан кадр

Навоийда кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида ўзбошимчалик билан бассейн қуриб олиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси хабар берди.

Маълум қилинишича, инспекция ходимлари томонидан кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини ўрганиш мақсадида Зарафшон шаҳрида назорат тадбири ўтказилган. Ўрганишда шаҳарнинг 12-кичик ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйда мулкдор 1-қаватдаги хонадонида ўзбошимчалик билан бассейн қуриб олгани аниқланган. Шунингдек, хонадон эгаси ертўланинг бир қисмини ноқонуний эгаллаб олиб, унга тушиш учун уйидан махсус йўлак ҳам очиб олган.

“Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ўзбошимчалик билан амалга оширилган қурилиш ишлари кўп қаватли уйнинг конструктив мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиб, техник ҳолати заифлашишига олиб келиши ҳамда аҳоли хавфсизлигига бевосита таҳдид юзага келтириши мумкин”, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима қўлланган ва хонадонни аввалги ҳолатига қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид