Жамият | 16:10 / 02.11.2018
10119
3 дақиқада ўқилади

Навоийда гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда ўтказганларга жиноий иш очилди

Навоий вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси томонидан вилоятда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний олди-сотдиси ва уни ўтказиш билан боғлиқ бир қатор жиноятларнинг олди олинди.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати KUN.UZ’га берган маълумотга кўра, 22 октябрь куни соат 13:00 ларда, Навоий вилоят ИИБ ЖҚБ ва туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган «Қорадори–2018» тадбири чоғида 1974 йилда туғилган Навбаҳор тумани, «Қизилработ» МФЙда яшовчи, З.Ў. шу маҳаллада яшовчи Ф.А. га оғирлиги 5,590 грамм бўлган «Марихуана» гиёҳвандлик моддасини 300.000 сўм пул эвазига қонунга хилоф равишда сотган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан З.Ў. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Яна бир, 18 октябрь куни ўтказилган тадбир давомида Кармана тумани «Гурда» МФЙда яшовчи, 1983 йилда туғилган, ҳайдовчилик билан шуғулланувчи Ф.Ж. ва Хатирчи тумани «Боғчакалон» МФЙда яшовчи 1980 йилда туғилган яна бир ҳайдовчи К.Р. ўзаро жиноий тил бириктириб, Хатирчи тумани «Боғчакалон» МФЙ ҳудудида, тадбирга режа асосида «шартли харидор» сифатида жалб этилган шахсга оғирлиги 4,82 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик воситасини 200.000 сўм пул эвазига қонунга хилоф равишда ўтказганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Ж. ва К.Р. нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

26 сентябрь куни Навоий шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида. Зарафшон шаҳар 2-кичик туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган, «Зарафшон махсус транс» МЧЖ қоровули А.М. ушбу масъулияти чекланган жамиятнинг ўзига бириктирилган махсус хизмат хонасида танишлари Д.Қ., Д.К. ва К.И билан биргаликда қўлбола усулда «крокодил» гиёҳвандлик моддасини тайёрлаб, истеъмол қилишиб, бангихона ташкил қилганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан эса А.М. нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид