19:26 / 02.11.2018
11744

Тошкентда иситиш тизими куз-қиш мавсумига тайёрми?

Жорий йил октябрь ойи ўрталарида ҳаво ҳароратининг совиб кетиши сабабли Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми одатдагидан эртароқ бошланди. 2017-2018 йил иситиш мавсумида 10 ноябрдан ижтимоий соҳа объектлари, 12 ноябрдан турар-жой биноларида мунтазам иситиш тизими фаолияти йўлга қўйилганди. Бу йил эса Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ, 2018-2019 йилги иситиш мавсуми 16 октябрдан ижтимоий соҳа объектларида, 19 октябрдан синов тариқасида турар жой биноларида мунтазам иситишга киришилди. Хўш, эрта бошланган иситиш мавсуми учун «Тошиссиққуввати»​ ДУК қандай тайёргарлик кўрди? Олдинда турган қиш ойларида иситиш тизимида носозликлар юзага келмаслиги учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?

«Тошиссиққуввати»​ ДУК бош муҳандиси Азиз Каримбековнинг айтишича, Тошкент шаҳри аҳолисига 12та катта марказий қозонхона ҳамда 202та кичкина маҳаллий қозонхоналар орқали иссиқлик энергияси билан етказиб берилади. Мазкур иссиқлик марказларидан чиққан жами 2700 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари орқали Тошкент шаҳрида жойлашган 12 мингдан ортиқ кўп қаватли аҳоли турар-жойлари ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланади.

«Тан олиш керак, ҳозирги кунда иссиқлик тармоқларининг эскириш ҳолатлари кўп учрамоқда. 2018-2019 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнида иссиқлик тармоқларига юқори босим бериб уларнинг чидамлилиги синовдан ўтказилди. Натижада, кўплаб қувурлар ҳолати талаб даражасида эмаслиги аниқланиб, авария келтириб чиқариш эҳтимоли юқори бўлган қувурлар янгилари билан алмаштирилди. Мавсум олдидан таъмирлаш режасидаги 32 км узунликдаги эскирган иссиқлик тармоқлари таъмирланиши ўрнига 37 км 130 метр узунликдаги иссиқлик тармоқлари қайта таъмирдан чиқарилди.

Иситиш даврида иссиқлик тармоқларига максимал босимдан ошмаган ҳолда иссиқлик тарқатамиз. Ўйлаймизки, энди қувурларда ҳеч қандай носозлик ҳолатлари содир бўлмайди»​, дейди бош муҳандис.

Kun.uz ўқувчилари қишки мавсум бошланмай туриб, айрим ҳудудларда иситиш тизимининг суст ишлаши ва айрим жойларда босимнинг тушиб кетаётгани ҳақида таҳририятга хабарлар йўллади. Бундай вазият аслида нимадан келиб чиққан?

«Иситиш тизимининг ишлаши 3 та асосий ташкилотлар: иссиқлик энергиясини харид қиладиган «Тошкент иссиқлик маркази​» ДУК, иссиқлик энергиясини улардан олиб аҳолига етказиб берадиган «Тошиссиққуввати»​ ДУК ва кўп қаватли уйлар ичида иситиш тизимига хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятига боғлиқ. Тизимдаги бу уч ташкилотлардан ҳар қайси бири ўз ишини тўлиқ бажармаса, иссиқлик энергиясини етказиб бериш сифати бузилади. Агар кўп қаватли аҳоли турар-жой биноларида иссиқлик узатиш тизими билан боғлиқ муаммолар юзага келса, биринчи навбатда ХУЖМШга (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари) мурожаат қилинади. Улардан бирор натижа чиқмаган ҳолатда «Тошиссиққуввати»​ ДУК туман бошқармаларига мурожаат этишса бириктирилган ходимларимиз жойларга чиқиб мавжуд муаммоларни бартараф этиб келади»​, дейди Азиз Каримбеков.

Маълум қилинишича, бу йилги куз-қиш мавсуми жараёнида юзага келадиган камчилик ва муаммолар ҳисобга олиниб, кейинги йил учун режалар тузилади. 2019 йилда дастлаб 605 та қозон, 33 км.лик иссиқлик тармоқларини таъмирлаш, 437 км.лик иссиқлик тармоқларини жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. 

Сабоҳат УЗОҚОВА

Top