Асрлар ўтса ҳам ғишт бинокорликда муҳим маҳсулотлигича қолмоқда. Айниқса Ўзбекистон ҳудудида у асосий қурилиш маҳсулотларидан бири. Аммо сўнгги пайтларда ғиштнинг баҳоси мунтазам равишда ошиб боряпти. Қандай омиллар бунга сабаб бўлаётганини таҳлил қилишга уринамиз.
Баландпарвоз туюлар, аммо бу ҳақиқат – сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳақиқий улкан қурилиш майдонига айланди. Аввалига хусусий сектор вакиллари йирик қурилишлар олиб боришган бўлса, охирги икки йил давомида давлат томонидан ҳам улкан бунёдкорлик лойиҳалари амалга ошмоқда. Ўзбекистонда қурилиш материалларига, хусусан ғиштга бўлган талаб мунтазам ошиб бориши бежиз эмас албатта. Лекин унинг нархи ҳам доим кўтарилиб кетаётгани ўйга толдирмай қўймайди. Бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида соҳа вакилларини суҳбатга тортдик.
Биринчи суҳбатдошимиз йирик ишлаб чиқарувчи раҳбари, қурувчи-муҳандис Даврон Юсупов бўлди.
– Даврон ака, аввало бир нарсани аниқлаб олсак, нега ҳамма соҳаларга кириб бораётган инновацион лойиҳалар қурилишда сустроқ кетяпти? Масалан, ғишт ҳамон асосий қурилиш материалилигича қолмоқда, ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаяпти.
– Бу фикрингизга қўшилмайман. Бизда ҳам анъанавий пишиқ ғишт ўрнини босувчи бир қатор маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган ва бу саноат ҳам кенгайиб боряпти. Масалан, пенаблок, газоблок каби маҳсулотлар бемалол ғишт ўрнини боса олади ва ғишт танқис бўлган пайтларда кўпчилик қурувчилар улардан фойдаланди.
– Унда ғишт нега ҳамон танқис, нархи ҳам ошиб боряпти?
– Чунки қурилиш ҳажми кескин ошди. Шахсан президент, ҳукумат ҳар жиҳатдан йирик қурилишларни рағбатлантиряпти ва бу ҳолат ҳали узоқ давом этади. Бир ўйлаб кўринг, ҳар бир туман, ҳар бир қишлоққа қатор-қатор намунали уйлар қурилди. Шаҳарлар марказларида юзлаб кўп қаватли уйлар қад ростлаяпти, эски, хом ғишт ёки пахсанинг ўрнини мустаҳкам пишиқ ғишт эгалламай қолмайди.

– Фақат талабнинг ортиб кетгани туфайли ишлаб чиқарувчилар нархни ошириб юбордиларми?
– Йўқ, албатта. Бу ерда табиий газ баҳоси ҳам жуда муҳим. Сўнгги йиллар статистикасига эътибор қаратайлик – бир кубометр газ баҳоси 265 сўм бўлган пайтларда бир дона стандарт пишиқ ғишт (кейинги ўринларда - ғишт) баҳоси 450-500 сўм атрофида эди. Кейин газ баҳоси аввал 500 сўм, кейин 1000 сўм қилиб белгиланди. Табиийки, бу ишлаб чиқарувчилар фаолиятига таъсир этмай қолмади. Бундан ташқари, ўтган йили қиш ойларига келиб кўпчилик заводлар газ таъминотидан узилиб қолди. Ана шундай омиллар қўшилиб, ўтган йили талаб таклифга нисбатан бир неча баробар ортиб кетди ва ғиштнинг баҳоси энг юқори нарх – 1300-1400 сўмгача кўтарилиб кетди. Бу ҳолат давлат раҳбарияти назаридан четда қолмади ва заводлар газ таъминоти яхшиланди. Қолаверса, ижтимоий аҳамиятга эга арзон уй-жойларга маҳсулот етказиб берувчилар учун солиқ енгилликлари берилди. Ана шу рағбатлантиришлардан сўнг яна ишлаб чиқариш ҳажми оша бошлади ва табиийки нарх тушиши кузатилди. Ҳозирги кунда ғишт баҳоси ўртача 1000 сўм атрофида.

















